Марафон фидойи, ташаббускор ёшларни ягона мақсад йўлида бирлаштирди
З0 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Термиз шаҳридаги “Санъат саройи”нинг сўлим боғида “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида “Ташаббуслар марафони” бўлиб ўтди.
Марафон йигит-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириб, уларнинг инновацион ғояларини амалиётга жорий этишга қаратилгани, ёшлар ўзаро фикр алмашиб, инновацион ғоялар, сунъий интеллект ва стартаплар, китобхонлик, экология, маданият ва санъат, тадбиркорлик каби павильонларда семинарлар, экспертлар билан очиқ мулоқотлар, стартап лойиҳалар тақдимотлари ва ижодий танловлар ўтказилгани аҳамиятли бўлди.

Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этган марафон сурхондарёлик изланувчан йигит-қизлар учун илм-фан, замонавий кўникмалар, истиқболли стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашда йирик ягона майдон вазифасини бажарди. Ташаббускор ёшлар ўз ғояси, инновацион ва стартап лойиҳаларини намойиш этиб, тажрибали мутахассислардан қимматли маслаҳатлар олди.

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги рўпарасидаги кенг майдонда ташкил этилган гала-концерт барчага байрамона кайфият улашди.

Гала-концертнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ёшларни байрам билан табриклаб, ўқиш ва ишларига, юртимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган изланишларига омад тилади.
Тадбир доирасида ўтказилган кўрик-танловлар ва спорт беллашувлари ғолиблари, турли соҳаларда тенгдошларига намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ фаол ёшлар қимматбаҳо совға, пул мукофоти ва махсус ваучерлар билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири