Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал - демократик партияси етакчи сиёсий куч сифатида йил сайин обрў-эътибори юксалиб бормоқда.
Партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини аҳоли орасида тарғиб қилишда қуйи бўғинларнинг ҳам ўрни катта. Бошланғич ташкилотлар партиянинг таянч нуқтаси ҳисобланиб, жўяли таклифлар аввало қуйи бўғинларда шаклланади. Партия ана шу ғоялар негизида маслакдошларни бирлаштиради.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 80 минг нафардан зиёд сафдошимиз 1027 та бошланғич партия ташкилотига бириктирилган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Мамлакатимизда кейинги беш йил мобайнида амалга оширилган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлардан пировард мақсад битта – инсон қадрини тиклаш ва халқимизни рози қилишдир.
Давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шаклланмоқда. Бугун аввало инсон, кейин эса жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда “Инсон қадри учун” деган халқчил ғоя изчиллик билан қарор топиб бормоқда. Ушбу умумий шиор остидаги ислоҳотларнинг узвийлигини таъминлаш мақсадида – “Ҳаракатлар стратегиясидан - Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилгани етти йўналишдан иборат тараққиёт стратегиясида адолат ва қонун устуворлиги - халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти экани, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бугун нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам бу - Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги энг тўғри стратегия эканини ҳақли равишда эътироф этмоқда.
Янги Ўзбекистонда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Соғлом ва баркамол, ватанпарвар ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш борасида кенг кўламли ишлар ўз мевасини бера бошлади. Зеро, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдан кўзланган асл мақсад ҳам ёшларнинг интилиши, ақл заковати, билим ва малакасининг замон талабларига ҳамоҳанглигини таъминлашдир. Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш борасида партия қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш доимий жараёндир.
Халқ орасига чуқурроқ кириб бориш, одамларнинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиш, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун тўсқинлик қилаётган камчиликларни бартараф этиш бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий мақсадларидан эканини депутатларимиз дилдан ҳис этган ҳолда аҳоли мурожаатларига партиявий воситалар орқали ечим топиш ва ижобий ҳал этишга жиддий эътибор қаратмоқда.
Ҳар қандай сиёсий кучнинг халқ орасидаги обрў-эътибори ва жамиятда тутган ўрни янада юксалишида партия фаоллари ва депутатларнинг саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этади. Ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 3 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 17 нафар, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига 135 нафар, жами 152 нафар депутат сайланиб, халқ ишончини оқлашда фаолият олиб бормоқда. Барча партиядошлар Янги Ўзбекистонни барпо этишда куч ва имкониятларини сафарбар этаверади.
Сағиндиқ ТУРМАНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири, O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси
ЎзА