Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Самарқанд газ тўлдириш станцияси”дан доимий равишда “Нуробод газ сервис” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “DAF” русумли 20 тонна сиғимли юк автомашинасида аҳоли хонадонларига ажратилган имтиёзли нархдаги суюлтирилган углеводородли газни яширин равишда талон-торож қилиб келган жиноий уюшма фаолияти фош этилди.
Самарқанд вилояти прокуратурасининг хабарига кўра, ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “в” банди билан қўзғатилган жиноят иши терговининг биринчи кунида 6 нафар жиноий уюшма аъзоларига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу рақамлар кўлами кенгайиши кутилмоқда.
Тезкор маълумотларга кўра, мазкур жиноий уюшмага бир қатор мансабдор шахслар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари раҳнамолик қилиб келган.
Жиноят иши тергови шахсан Самарқанд вилояти прокурори Р.Машарипов назоратига олингани хабар қилинмоқда. Вилоят прокурори жиноятни фош этишга яқиндан кўмак берган 10 нафар шахсга ташаккурнома эълон қилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА