Маънавият – тараққиёт пойдевори
Умуммиллий тараққиётнинг ижтимоий-маънавий масалалари миллий қадриятлар ва тил, ёшлар тарбияси, маданият ва санъат ривожи, ижтимоий барқарорлик ҳамда коррупцияга қарши кураш каби омиллар билан бевосита боғлиқ.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган “Умуммиллий тараққиётнинг ижтимоий-маънавий масалалари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида ана шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур анжуман “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилгани билан аҳамиятли бўлди.
Анжуманда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, профессор Олимжон Давлатов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Боту Алимов ва бошқалар бугунги глобаллашув ҳамда шиддатли ахборот хуружлари шароитида миллий ўзликни сақлаб қолиш ва жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
[gallery-29755]
Дунёда мафкуравий курашлар кескинлашаётган бир шароитда ёшлар онгини ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, оила ва маҳалла институтини мустаҳкамлаш ҳамда миллий қадриятларни замонавий ривожланиш тамойиллари билан уйғунлаштириш давлат ва жамият олдидаги муҳим стратегик вазифалардан ҳисобланади.
Анжуман ана шундай долзарб таҳдидларга қарши илмий асосланган маънавий қалқон яратиш ва умуммиллий юксалишнинг янги концептуал ёндашувларини ишлаб чиқишга қаратилди.
Тадбир юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада такомиллаштириш, миллий қадриятлар ва замонавий ривожланиш тамойилларини уйғунлаштириш бўйича илмий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.
Ялпи мажлисда мамлакатимизнинг етакчи олимлари ва экспертлари Янги Ўзбекистоннинг маънавий ва сиёсий тараққиётига бағишланган маърузалар билан иштирок этди.
Муҳокамалар давомида соҳадаги долзарб муаммолар юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Энг яхши илмий ишланмалар махсус конференция материаллари тўпламида чоп этилди.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА мухбирлари