Ўзбекистонда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон–2030” стратегияси ҳамда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида муҳим ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда, 2025 йил 16 -18 июнь кунлари Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг Малака ошириш бўлими ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида фаолият юритаётган маънавий-маърифий ишларга масъул ходимлар учун 24 соатлик малака ошириш ўқув курси ташкил этилди.
Ўқув машғулотлари Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети тадбирлар залида ташкил этилди.
Мазкур курс доирасида тингловчилар мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг янги босқичи, “Ўзбекистон–2030” стратегияси ҳамда 2024 йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” сифатида эълон қилиниши билан боғлиқ кенг қамровли ўзгаришлар юзасидан таниқли мутахассисларнинг маърузаларини тинглашди.
Курс доирасида тингланган ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий ахлоқ ва янгиланаётган жамият концепцияси, раҳбар маънавияти ва касб этикаси, маънавий тарғибот таъсирчанлигини кучайтириш каби мавзулар ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, миллий ғоянинг тараққиётдаги ўрни ва аҳамияти, жамият барқарорлигига таҳдид солувчи омиллар ва уларни бартараф этиш чоралари, маънавият сектори фаолиятини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари мавзуларида ҳам қизиқарли ўқув машғулотлари ўтказилди.
Тингловчилар учун маърузалар амалий мисоллар ва ҳаётий тажрибалар асосида ўтказилиб, замонавий ёндашувлар, етакчилик, маънавий муҳитни шакллантириш каби йўналишлар айниқса, алоҳида эътиборга олинди.
Мазкур малака ошириш ўқув соатлари маънавий-маърифий соҳада фаолият юритаётган мутахассислар учун тажриба алмашиш, билим ва кўникмаларни ошириш, шу орқали мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
М.Эшмирзаева, ЎзА