Маъмурий судларда янги босқич
Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим мақсади — инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ва суд жараёнларининг самарадорлигини оширишдан иборат.
Бу жараёнда маъмурий судларнинг ўрни алоҳида. Чунки улар фуқаролар ва юридик шахсларнинг давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан шикоятларини кўриб чиқиш орқали давлат ва шахс ўртасидаги муносабатларда қонун устуворлигини таъминлайди.
Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ҳам судлар фаолиятини такомиллаштириш, одил судлов самарадорлигини ошириш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган. Бундан ташқари, 2026 йил 14 августдаги “Одил судлов — 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармонда ҳам зарур вазифалар белгиланган.
Шу нуқтаи назардан маъмурий судларда дастлабки эшитув институтининг аҳамияти катта. Мазкур тизим ишни мазмунан кўриб чиқишдан олдин уни суд муҳокамасига пухта тайёрлашга қаратилган процессуал босқичдир. Унда тарафларнинг талаб ва эътирозлари аниқлаштирилади, низонинг предмети белгилаб олинади, далилларни тақдим этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади ва бошқа процессуал камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Бундай ёндашув суд мажлисларининг ортиқча кечикишларини камайтириш, ишни мазмунан кўриш жараёнини тартибга солиш ва суд вақтини самарали ташкил этиш имконини беради. Дастлабки эшитувга ўхшаш судга тайёргарлик механизмлари хорижий мамлакатлар амалиётида ҳам мавжуд.

Жумладан, Германияда суд ишни самарали кўриб чиқиш учун зарур процессуал ҳаракатларни амалга оширади. Францияда тарафларнинг позицияларини шакллантириш ва зарур материалларни судга тақдим этишга алоҳида эътибор берилади. Англия ва Уэльсда судга мурожаат қилишнинг дастлабки босқичлари ҳамда “Сase management” механизмлари муҳим ўрин тутади. АҚШда эса иш юритишни бошқариш воситалари суд жараёнини самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Уларнинг умумий жиҳати ишни суд муҳокамасига сифатли тайёрлаш, низо предмети ва далиллар доирасини олдиндан аниқлашдир. Ўзбекистон учун ҳам хорижий тажрибани тўлиқ кўчириш эмас, балки унинг самарали процессуал воситаларини миллий маъмурий судлов хусусиятлари билан уйғунлаштириш муҳим.
Дастлабки эшитув институтини янада ривожлантириш учун суднинг дастлабки ҳуқуқий баҳоси чегараларини аниқ белгилаш, далилларни тақдим этиш ва уларнинг мақбуллигини эрта босқичда муҳокама қилиш, электрон судлов ва видео-конференс-алоқа имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Хулоса қилиб айтганда, дастлабки эшитув маъмурий ишларни мазмунан кўришдан олдин суд жараёнини пухта ташкил этишга хизмат қиладиган муҳим процессуал воситадир. Унинг самарали қўлланилиши низоларни оқилона муддатларда кўриб чиқиш, тарафларнинг процессуал ҳуқуқларини таъминлаш ва маъмурий судлов сифатини оширишга хизмат қилади.
Насрулла МАМАНОВ,
Нурафшон туманлараро
маъмурий суди судьяси,
ЎзА