Маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув институти жорий этилади
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими тобора такомиллаштирилмоқда. Хўш, нималар ўзгармоқда?
Қонун (ЎРҚ–1165-сон, 14.08.2026 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Иқтисодий судларнинг маъмурий бошқарув тизимини соддалаштиришга қаратилган айрим қонунларга ўзгартиришлар киритилди.
2026 йил 14 августда қабул қилинган Қонун билан киритилган қўшимчаларга кўра, маъмурий судлар маъмурий ишларнинг муҳокамаси чоғида маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180 ва 181-моддаларидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиши белгиланди.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси принципи киритилди.
Шу билан бирга, маъмурий судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди.
Унга кўра, маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида дастлабки эшитув ўтказилади.
Судья дастлабки эшитувни ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кундан кечиктирмай ўтказади.
Дастлабки эшитувни ўтказиш чоғида судья:
Аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозларини аниқлаштиради;
Аризадаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради;
Аризачига зарур далилларни ҳамда жавобгарга фикрини ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар беради;
Аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо беради.
Дастлабки эшитув натижасига кўра аризани кўрмасдан қолдириш ёки келишув битимини тасдиқлаш ёхуд иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Шербек Исломов, ЎзА