Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантириш” минтақавий дастури асосида “Ўзбекистон Республикасида маъмурий суд ишларини юритишнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьялари ва суд ходимлари иштирок этди. Унда иштирок этган хорижлик экспертлар, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари, Берлин шаҳар маъмурий судининг судьяси Йорг Пуделька, “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантириш” лойиҳасининг Тожикистондаги раҳбари Фолькер Штампе, ушбу лойиҳанинг Қозоғистондаги миллий координатори, юридик фанлари номзоди Алмат Габбасов ва бошқалар маъмурий суд ишларини юритишнинг долзарб масалаларига тўхталди.

Унда асосан, маъмурий иш юритишда ишга боғлиқ бўлган етказилган зарарни ундириш ҳуқуқи, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳозирги ҳолати ва такомиллаштириш истиқболлари муҳокама этилди.
Шунингдек, маъмурий иш юритишда суднинг фаол роли принципи, Германияда маъмурий иш юритишни сўзсиз тугатиш масалалари ҳусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ЎзА