Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–14-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари 1-иловага мувофиқ;
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидаги муассасаларни қайта ташкил қилиш дастури 2-иловага мувофиқ;
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Ёшлар ишлари агентлигининг ташкилий тузилмаси 4-иловага мувофиқ;
Ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича “йўл харитаси”
5-иловага мувофиқ;
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг хусусий секторга ўтказиладиган функциялари рўйхати 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ёшларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар белгилансин:
2023–2024 йиллар давомида “Ёшлар дафтари” тизими орқали ёшларга кўрсатиладиган ижтимоий-иқтисодий хизмат турлари1,5 баробаргача оширилади;
ёшларга ижтимоий-иқтисодий хизматларни кўрсатишда уларнинг иқтидоридан унумли фойдаланишга қаратилган ижтимоий шартномалар амалиёти жорий этилади;
давлат органлари ва ташкилотларининг ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими “Ёшлар баланси” асосида ёшларнинг ижтимоий ҳолати, қизиқиши ва муаммоларининг хусусиятидан келиб чиқиб йўлга қўйилади;
давлат органлари ва ташкилотларининг ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиш билан боғлиқ зарур бўлган маълумотларни шакллантириш мақсадида “Электрон ҳукумат” тизими Идоралараро интеграциялашув платформасининг тегишли ахборот ресурслари базалари Ёшлар ишлари агентлигининг ахборот тизимларигаинтеграция қилинади;
давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари ҳар йили 1 февралга қадар ўз тизимларида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган йиллик “Ёшлар дастури”ни Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқлайди;
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси ҳар ярим йилда камида бир маротаба давлат органлари ва ташкилотларининг ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти натижадорлиги ҳамда қабул қилинган “Ёшлар дастури” ижросини танқидий муҳокама қилиб боради.
3. 2024 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида ўтказиладиган ёшлар фестиваллари, форумлар, лойиҳалар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режаси асосида амалга оширилиши йўлга қўйилсин. Бунда:
Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режаси ҳар йили декабрь ойи якунига қадар давлат органлари ва ташкилотларининг таклифлари асосида шакллантирилади;
тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, иштирокчи ёшларни рағбатлантириш Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан белгиланган тартиб асосида амалга оширилади;
Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режаси доирасида ўтказиладиган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар yoshlarportali.uzягона электрон платформасига жойлаштириб борилади ва тадбирларда иштирок этадиган ёшларни платформа орқали электрон рўйхатга олиш йўлга қўйилади;
2023 йил 1 декабрга қадар yoshlarportali.uz ягона электрон платформасига давлат органлари ва ташкилотларининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги маълумотлар базалари улар томонидан интеграция қилинади.
4. 2024 йил 1 январга қадар спорт соҳасини рақамлаштириш бўйича 24 та йўналишдаги ахборот тизимларини ўз ичига олган “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизими ишга туширилсин ҳамда УзАСБО дастуридаги маълумотлар билан интеграция қилиниши таъминлансин. Бунда:
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларидан марказлашган тартибда маблағ олувчи барча ташкилотлар ушбу тизимга тўлиқ уланади ҳамда спорт соҳасидаги харажатлар тизимда шаффоф ва очиқ тарзда акс эттирилади;
жойларда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги маблағлари ҳисобидан барпо этиладиган спорт объектлари ва иншоотларининг камида 30 фоизи мазкур электрон тизим орқали ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан овоз бериш йўли билан аниқланади.
5. 2023 йил 1 июлдан бошлаб спортчи идентификация карталари учун тўловлар миқдори уч баробарга камайтирилсин ҳамда улардан фойдаланиш муддати 5 йил этиб белгилансин.
Белгилансинки:
а) 2024 йил 1 мартдан бошлаб спорт турлари бўйича ўтказиладиган расмий мусобақалар, Ўзбекистон чемпионати ва кубогида иштирок этиши учун спортчиларнинг мансублиги ва уларнинг малакасини идентификация карталари (ID-карта) орқали аниқлаш тартиби жорий этилади;
б) 2024 йил 1 июлдан бошлаб:
спортчилар ва уларга бириктирилган тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг барча маълумотлари “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизимида юритилади. Бунда, фақат ушбу тизим орқали олинган маълумотлар ҳаққоний ҳисобланади;
спортчилар тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи (халқаро спорт федерация/ассоциациялари талаблари бўйича жорий этиладиган ҳужжатлар бундан мустасно) бошқа ҳар қандай спортчи паспортини жорий этиш қатъиян тақиқланади.
6. Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, олимпия ва паралимпия спорт турлари (ёш тоифалари) бўйича жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган тренерларниДавлат бюджети маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш миқдорлари 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 январдан бошлаб:
Давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш бўйича ҳар йили қабул қилинадиган қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида спорт соҳасини ривожлантириш дастурлари учун назарда тутилган маблағлар Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига ажратилиб, вазирлик томонидан мустақил тақсимланади;
ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати бўйича таҳлилий материаллар ва ташкилотларга Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигидан ажратилган маблағлар миқдори тўғрисидаги маълумотлар ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари ва бошқа коммуникация манбалари орқали кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
8. Қуйидагилар ёшлар сиёсати ва спорт соҳасига ажратилаётган Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш ва ўзини ўзи молиялаштириш тизимига босқичма-босқич ўтишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
тадбирларни молиялаштириш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, ажратилаётган маблағлар манзиллилиги ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича “хавфни таҳлил қилиш”ни йўлга қўйиш ва онлайн назорат тизимини яратиш;
спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасини шакллантириш ва спорт тадбирларини ўтказишнинг илғор хориж тажрибасига асосланган замонавий механизмларини жорий этиш;
нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчи ёшлар ҳамда уларнинг тренерларини рағбатлантиришни тизимлаштириш;
тизимдаги бино ва иншоотлар ҳамда спорт объектлари ва иншоотларида энергия ва ресурсларни тежайдиган технологияларни босқичма-босқич жорий этиш;
бюджетдан молиялаштириладиган спорт объектлари ва иншоотлари фаолиятини давлат-хусусий шериклик асосида йўлга қўйиш ва хусусий сектор иштирокида спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.
9. Белгилансинки:
а) тегишинча Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги бюджет ташкилотлари ҳузурида, Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ҳузурида маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг амалдаги тартибини тўлиқ сақлаб қолган ҳолда юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари жамғарма сифатида фаолият юритади;
б) 2023 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига Давлат бюджетидан спорт соҳасини ривожлантириш дастурлари харажатлари учун ажратилган маблағлар (сақлаш харажатлари учун ажратилган маблағлар бундан мустасно) тегишинча вазирлик ва ҳудудий бўлинмаларнинг бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма)га ўтказиб борилади ҳамда харажатларни молиялаштириш Жамғарма орқали белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.
Бунда, Жамғарма маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади;
в) Жамғармага жисмоний шахслар томонидан ажратилган ҳомийлик ва хайрия маблағларининг 50 фоизигача бўлган қисми мазкур шахсларни нуфузли халқаро спорт тадбирларига юбориш учун йўналтирилади;
г) ҳомийлик кўрсатган жисмоний шахслар орасидан хорижда ташкил қилинадиган халқаро спорт тадбирларига юбориладиганларни аниқлаб олиш учун “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизими орқали улар ўртасида лотерея ўйинларини ўтказиб бориш йўлга қўйилади;
д) давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ёшлар ва спорт соҳасига оид барча ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга оширишда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги лойиҳа ҳамкори сифатида жалб қилинади;
е) ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда спорт соҳасига бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан барпо этиладиган ёшларга оид инфратузилмалар, спорт объектлари ва иншоотларининг лойиҳа ҳужжатлари Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан мажбурий равишда келишилади.
10. Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган, шунингдек, иқтидорли спортчи ёшларни рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:
а) 2023 йил 1 июлдан бошлаб “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси” жорий этилсин. Бунда:
стипендия тўловлари учун маблағлар спортчи лавозими учун белгиланган иш ҳақи, терма жамоалар ва уларнинг захираси, спортчилар энергия сарфини қоплаш ва жисмоний ресурсларини тиклаш учун ажратиладиган мақсадли тўловларни мақбуллаштириш ҳисобидан ажратилади ва унинг миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 (уч) баравари этиб белгиланади;
“Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси” тайинланган спортчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4742-сон қарорида белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи берилади;
б) Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармасига идоравий мансуб бўлган тиббиёт муассасаларида белгиланган тартибда умрбод бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи берилсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И.Икрамов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З. Саъдуллаев белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.Қ.Абдурахмонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2023 йил 7 апрель