Президент Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, аҳолининг турмуш шароити, саноат корхоналари фаолияти билан танишди.
Бу сафарги йўналиш Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларини қамраб олди. Уларни Бунёдкор кўчаси боғлаб туради. Ушбу марказий кўчада санъат ва маданият масканлари, турли идоралар, кўп қаватли уйлар, супермаркет ва ресторанлар жойлашган. Бу салоҳиятдан фойдаланиб, унинг 1,5 километр қисми хизмат кўрсатиш ва гастротуризм кўчасига айлантирилди.
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга бу ердаги шароитларни кўздан кечирди. Йўл бўйи обод қилинган. Ажойиб ландшафт дизайни, фавворалар, турфа чироқлар ҳудудга янада кўрк бағишлаган. Одамлар сайр қилиши, овқатланиши, мазмунли дам олиши учун барча қулайликлар яратилган.
Шу мақсадда бу ердаги 90 та тадбиркорлик субъекти тун-у кун ишлаш тартибига ўтказилди. Шундан 45 та корхона янги ташкил этилди. 500 киши иш билан таъминланди.
Кўчага ёндош ҳудуддаги Камолон, Янги Камолон ва Камолон дарвоза маҳаллаларида 18 мингга яқин аҳоли яшайди. Бу ўзгаришлар, аввало, шу инсонлар турмушида сезилади. Қолаверса, ҳозир бу жойга йилига 255 минг меҳмон ташриф буюрмоқда. Энди уларнинг сонини йилига 1 миллионга етказиш учун шароит бор.
Сўнгги йилларда юртимизда туризм соҳасида 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди. Ҳудудларда саёҳат ва сервис инфратузилмаси яхши ривожланаяпти. Туризм қишлоқлари, меҳмон уйлари, гастрономик кўчалар қўллаб-қувватланаяпти.
Пойтахтимизнинг Миробод, Олмазор, Чилонзор, Яккасарой, Янгиҳаёт туманларида шундай гавжум кўчалар ташкил этилган. Бунёдкор кўчаси мазкур туризм ҳалқасининг бир қисми бўлади. Умуман, Тошкент шаҳрида 26 та кўчани тун-у кун ишлайдиган гавжум кўчага айлантириш, 24 соат ишлайдиган савдо нуқталарини мингтага кўпайтириш режалаштирилган.
Шу ерда замонавий бекатлар ҳамда автотураргоҳлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур туманидаги Янги Камолон маҳалласида бўлди.
Мамлакатимиздаги ислоҳотлар “нафаси” ҳар бир ҳудудга кириб боряпти. Аҳоли бандлиги ва турмуш маданиятига қаратилаётган эътибор ушбу маҳаллада ҳам намоён. Кўп қаватли уйлар, дўконлар, фуқаролар йиғини биноси замонавий қиёфага эга. Ички йўллар текисланиб, атрофи кўкаламзорлаштирилган. Сўлим сайилгоҳ ва пиёдалар йўлаги, нуронийлар оромгоҳи, спорт ва болалар майдончалари барпо этилган.
Янги Камолон маҳалласида 4 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. 60 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳалла ёшлари иш билан банд. Бу йил ҳунармандлар маскани, дала маҳсулотлари ва қандолатчилик дўконлари, новвойхона ташкил этилди, хусусий тиббиёт пункти очилди. Натижада маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айланди.
Шу ерда Шайхонтоҳур тумани “Ислоҳотлар штаби” фаолияти тўғрисида ахборот берилди.
– Шайхонтоҳурда ҳунармандчилик азалдан мавжуд бўлган. Бугун ҳам туманда одамларни иш билан, даромад билан таъминлашда бу катта манба. Шунинг учун Шайхонтоҳур мисолида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар режасини қабул қиламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла инспектори хонасида ситуацион марказ ташкил этилган. Унга кўп қаватли уйларнинг йўлакларидаги кузатув камералари ва ички ишлар тизимининг хавфсизлик дастурлари боғланган. Бу йил маҳаллада биронта ҳам жиноят содир бўлмаган.
“Янги Камолон” бошқарув сервис компанияси маҳалладаги 21 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Усталар ва махсус техникалар доим шай ҳолатда. Ҳисоб-китобларда биллинг тизими йўлга қўйилган. Бу йил марказий иссиқлик қувурлари изоляция қилинди, электр тармоқлари ва уйларнинг йўлаклари таъмирланди. Айрим уйларга янги лифтлар ўрнатилди.
Давлатимиз раҳбари келгусида бошқарув сервис компанияси биноларини кўп қаватли қилиб қуриб, ёшлар учун касб-ҳунар ўқувлари, маиший хизмат шохобчаларини жойлаштириш бўйича кўрсатма берди. Бу ердагидек кичик кутубхоналарни бошқа маҳаллаларда ҳам ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Маҳалла айвонида аҳоли билан самимий суҳбат бўлди.
– Сўнгги йилларда кўп корхоналар очилди, иқтисодиёт ўсяпти. Шу билан бирга, ёшларимиз ҳам етишиб келяпти. Уларнинг таълим-тарбияси, соғлиғи, иш ўринларини ҳозирдан ўйлашимиз керак. Шунинг учун бу йил Тошкент шаҳрига 8 миллиард доллар инвестиция олиб келяпмиз. Бунинг ҳисобидан Шайхонтоҳурда ҳам янги-янги иш жойлари, таълим масканлари, инфратузилма иншоотлари яратилади, – деди Президент.
Нуроний отахон ва онахонлар юртимиздаги ўзгаришлардан хурсандлигини таъкидлаб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев тумандаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига борди.
Мамлакатимизда ижтимоий давлат, ижтимоий адолат тамойиллари устувор. Ушбу қадриятлар асосида барча ҳудудларда “Инсон” марказлари очилиб, меҳр ва кўмак тизими аҳолига яқинлаштирилмоқда.
Марказда 12 тоифадаги муҳтож инсонларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Бунинг учун муассасада замонавий шароитлар яратилган. Мурожаатларни қабул қилиш, эҳтиёжни баҳолаш, хизматни белгилаш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари инсонларга қулай тарзда йўлга қўйилган.
Энг муҳими, эндиликда вазифа бир марта ёрдам билан тугамайди. Ижтимоий хизматдан фойдаланувчининг кейинги ҳолати, ўзини ўнглаши ҳам мониторинг қилиб борилади. Мазкур барча жараёнлар рақамлаштирилган ва дахлдор ташкилотлар билан боғланган.
Шайхонтоҳурдаги марказда 25 нафар мутахассис ҳамда маҳаллаларда 51 нафар ижтимоий ходим фаолият кўрсатмоқда. Ногиронлиги бўлган болалар ва шахслар, ёлғиз кексалар билан манзилли тарзда иш юритилмоқда.
– Бу ер ҳар бир инсоннинг дарди билан яшайдиган, уларни рози қиладиган даргоҳ. Бу тизим орқали жамиятимизда ижтимоий адолат, инсон қадри қарор топади, – деди Президентимиз.
Шу ерда давлат-хусусий шериклик асосида “Имкониятлар олами” муассасаси ташкил этилган. Давлатимиз раҳбари ундаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.
Муассасада 3 ёшгача гўдаклар учун эрта аралашув, ногиронлиги бўлган болалар учун ижтимоий мослашув ва реабилитация, шунингдек, кундузги парвариш ва қараб туриш хизматлари ташкил этилган. Ҳозирда бу 80 га яқин инсоннинг оғирини енгил қилмоқда. Уларга 12 нафар малакали ходим меҳр-эътибор кўрсатмоқда.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги саноат ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Мазкур ҳудуд Бешқўрғон ва Тирсакобод маҳаллалари ҳудудида жойлашган бўлиб, 320 гектар майдонни эгаллаган. Кичик саноат зонаси мақомидаги ушбу мажмуа Президентнинг 2023 йил 3 июлдаги қарори асосида ташкил этилган. Унга мувофиқ, транспорт, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмасининг яхшилангани саноат ва тадбиркорлик ривожига замин яратди.
Бу ерда халқаро стандартларга мувофиқ энергия тежамкор, экологик хавфсиз ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилди. Ҳозирги кунда бундай корхоналар сони 531 тага етди. Уларда яратилган иш ўринлари сони эса 20 мингтага яқинлашди. Йиллик ишлаб чиқариш салоҳияти ҳам кам эмас – 6 триллион 800 миллион сўм. Жорий йилда ҳудуддаги 50 та корхонада 180 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Илгари Чилонзорда ҳеч қачон бундай кўрсаткичлар бўлмаган.
Давлатимиз раҳбари ушбу ҳудуддаги “Tarleplast” корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 25 миллион доллар. Корхонага Европанинг етакчи компанияларидан 12 турдаги замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Натижада бу ерда йилига 90 минг тонна темир қувур ва пўлат профиллар ишлаб чиқариш имкони яратилди. Бу маҳсулотларни пулга чаққанда 900 миллиард сўм дегани. Корхонада 120 га яқин киши доимий иш билан таъминланди.
Аҳамиятлиси, юқори босимга ва ташқи таъсирларга чидамли қувурлар тури, ҳажми ва нархи бўйича рақобатбардош. Бунинг тасдиғини ўтган йили 4 миллион долларлик маҳсулот Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби мамлакатларга экспорт қилинганида ҳам кўриш мумкин. Энди сотув географиясини янада кенгайтириш мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбари мазкур индустриал ҳудудда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини кўздан кечирди. Яқин истиқболдаги саноат лойиҳалари тақдимот қилинди.
Жумладан, кўп қаватли ишлаб чиқариш биноси ва мономарказ ташкил этилиши кўзда тутилган. Бунинг натижасида ҳудудда яна 100 та янги лойиҳа амалга оширилади, қўшимча 3 мингта иш ўрни яратилади. Лойиҳалар қурилиш, фармацевтика, электротехника, полиграфия, автомобилсозлик, тикув-трикотаж ва қандолатчилик каби йўналишларни қамраб олган.
Президентимиз тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш, иш ўринларини кўпайтириш ҳамда хизматларни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев тумандаги индустриал ҳудудда жойлашган “Eman materials” корхонасида ҳам бўлди.
Бугун дунёдаги иқтисодий тебранишлар шароитида, аввало, ички имкониятлардан фойдаланиш, энг кўп иш ўрни яратадиган соҳаларни ҳимоялаш зарурати туғилмоқда. Мамлакатимизда тўқимачилик, қурилиш материаллари, мебелсозлик ана шундай соҳалар сирасига киради. Уларда бир миллион нафарга яқин аҳоли ишламоқда.
Жумладан, мебелсозликка ихтисослашган 7 минг 500 та корхона фаолият юритмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 920 та янги корхона очилган. Соҳада 6 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 20 миллион долларлик мебель экспорт қилинган.
Хоразм вилоятининг Хонқа тумани тажрибаси асосида бошқа жойларда ҳам мебелчилик марказлари ташкил этилмоқда. Соҳадаги тадбиркорларнинг чет элдан хомашё, фурнитура ва аксессуар олиб келиши, экспорт бозорларига чиқиши давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Чилонзор туманидаги индустриал ҳудудда мебелсозликка ихтисослашган ўнга яқин ширкат бор. “Eman materials” корхонаси ташаббускорнинг 10 миллион доллар маблағи эвазига ташкил топган. Бу ерда йилига 10 минг тонна фурнитура ва мебелсозлик буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар кооперация асосида юртимиздаги минглаб корхоналарга етказиб бериляпти. Энди экспортга чиқариш ҳам режалаштирилган.
Корхонада 200 киши иш билан таъминланган. Аҳамиятлиси, шу ернинг ўзида мебелсозлик ўқув маркази ҳам ташкил этилган. Бунинг учун Италия ва Туркия каби давлатлардан мутахассислар жалб қилинган.
Шунингдек, корхона томонидан буюртма асосида мебель ишлаб чиқариш, лойиҳалаштириш, кесиш, ускуналарни таъмирлаш каби қўшимча хизматлар ҳам кўрсатилади.
Мажмуада кўргазма зали ҳам ташкил этилган бўлиб, бу ерда пойтахтдаги номдор – бренд маҳсулотлар бир жойга жамланган. Бу тизим сотувчи, хизмат кўрсатувчи ва олувчига қулайлик яратмоқда.
Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечириб, мутахассислар билан суҳбатлашди. Мебелсозлик тармоғида маҳаллийлаштириш ва қўшилган қиймат яратиш бўйича ҳали фойдаланилмаган жуда кўп имконият борлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу ерда Чилонзор туманида ташкил этилган “Ислоҳотлар штаби” фаолияти ҳақида ахборот берилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган янги таклифлар ва кутилаётган натижалар кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, туманда жорий йил бошида камбағаллик даражаси 7 фоиздан юқорироқ бўлган бўлса, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича бу рақам 2,2 фоизга тушган. Манзилли режага кўра, туманни йил якунига қадар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Бунинг учун оилалар имкониятини юзага чиқариш, микролойиҳаларни амалга ошириш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш, норасмий иш ўринларини қонунийлаштириш чоралари кўрилади.
Президент аҳоли бандлигига қаратилган ташаббусларни ҳамиша қўллаб-қувватлашини билдирди. Инвестицияларни жалб этиб, имкониятларни лойиҳага айлантириш, кичик корхоналар фаолиятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Иқтисодиёт ва инвестиция соҳалари масъулларига тадбиркорлар билан доимий учрашиб, муаммоларини ҳал этиш, таклифларини юзага чиқариш бўйича топшириқлар берилди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбирлари