Мамлакатимизда “Устозлар миллий форуми” халқаро конференцияси бошланди
Янги ўқув йили бошланиши олдидан ўқитувчиларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, янги ғоялар, илғор педагогик технологиялардан бохабар бўлиши муҳимдир. 2026 йил 9-11 август кунлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида анъанавий бешинчи “Устозлар миллий форуми” ташкил этилмоқда.
Мазкур Форумдан кўзланган асосий мақсад, янги ўқув йили олдидан мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида таълим-тарбия жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, раҳбар ва ходимларнинг ташаббускорлиги ва масъулиятини кучайтириш, тизимда фаолият юритаётган педагог ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш, илғор тажриба ва методик ёндашувларни кенг тарғиб қилишдан иборат.
Форум анъанавий тарзда ҳар йилнинг август ойида республика, вилоятлар, туман (шаҳар)лар, мактаблар миқёсида ўтказиб келинмоқда.

Форумнинг республика босқичи Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида ўтказилиб, унда ҳудудлардан 300 нафардан ортиқ илғор, ташаббускор, етакчи ўқитувчи ва тарбиячилар жалб этилди.

Ушбу Форумнинг давоми каскад усулида 17-18 август кунлари вилоят миқёсида, 20-21 август кунлари туман (шаҳар)ларда шоъба йиғилишлари кўринишида, 24-29-август кунлари барча таълим муассасаларида педагогик кенгашлар тарзида ташкил этилиши режалаштирилган.
Форум доирасида тегишли йўналишларда ҳамкор ҳамда республика ташкилотлари раҳбар ва ходимлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Республика Ташхис маркази масъул ходимлари томонидан дарс машғулотлари, психологик дарсларлар ташкил этилади.

Шунингдек, иштирокчиларда жамоавий руҳ ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида спорт мусобақалари ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати маълумотига кўра, халқаро талаблар асосида такомиллаштирилган умумтаълим фанлари ўқув дастурлари ҳамда янгидан чоп этиладиган дарсликлардаги янги маълумотлар йил давомида “Касбий ривожланиш кунлари” ва “Касбий ривожланиш соатлари”да ўқитиб алоҳида дастур асосида педагогларимизга ўқитиб борилади.
Н.Усмонова, ЎзА