Мамлакатимиз Японияга қора олхўри етказиб берувчи энг йирик бешта мамлакатдан бири саналади
Ўзбекистон Японияга қора олхўри етказиб берувчи энг йирик бешта мамлакат ҳамда майиз экспорт қилувчи етакчи ўнта давлат қаторидан жой олди.
Ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси вакиллари Осака шаҳрида «Kurosimo inc.» компанияси раҳбари билан учрашди.
Мазкур компания Ўзбекистонда етиштирилган қора майиз, бодом ва ёнғоқни импорт қилиб, қайта ишлайди ҳамда «Gift from Silk Road» бренди остида Япония бозорига чиқаради. Ушбу маҳсулотлар мамлакатнинг йирик савдо тармоқларидан бири – «Kintetsu Department Store» дўконларида сотилмоқда ва харидорларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Кунчиқар давлатда озиқ-овқат маҳсулотлари учун 5 та муҳим талаб мавжуд бўлиб, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг юқоридаги хушхабари миллий маҳсулотларимиз ана шу талабларга жавоб берганидан дарак.
Батафсил тўхталадиган бўлсак, Японияда «Positive List System» тизимига мувофиқ, пестицид қолдиқлари ҳар бир маҳсулот ва модда бўйича белгиланган меъёрлардан ошмаслиги лозим. Шунингдек, лаборатория назорати, фитосанитария талаблари, қадоқлаш ва маркировкалашга оид талаблар, импортни расмийлаштириш тартиби бор.
М.Қосимова,
ЎзА