Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжуманида МБ бошқарув Раиси Мамаризо Нурмуратов ЎзА мухбирининг саволларига жавоб берди.
– 2023 йилга бориб республикамизда инфляция даражасини йилига 5 фоизгача тушириш белгиланган. Марказий банк ушбу кўрсаткичга эриша оладими?
–2023 йилгача республикамизда инфляция даражасини йилига 5 фоизгача тушириш олдимиздаги асосий вазифа. Шуни таъкидлаш жоиз, бу йилги инфляциянинг шаклланиши, кейинги йилга база бўлади. Биздаги ҳисоб-китобларга кўра, пул-кредит соҳасидаги амалга ошириладиган ишларнинг энг асосийси иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар. Биз 2023 йилга келиб 5 фоизлик инфляцияга эришишга барча чораларни кўрамиз.
– Ҳозирги вақтда республикамизда давлат реестрига кирган 135 та монопол корхона ва компаниялар мавжуд. Бундан ташқари норасмий монополиялар ҳам фаолият кўрсатяпти. Ушбу ҳолатда Марказий банк инфляцияни қандай жиловлайди?
–Тўғри таъкидлаб ўтингиз, хусусий бўладими, давлатники бўладими монопол ташкилотларнинг сақланиб қолиши чора-тадбирларимиз самарадорлигини маълум миқдорда пасайтириши мумкин. Келгуси йилги ва 2023-2024 йилги режалаштирилган пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларидан яна бири тадбиркорларга хориждан маҳсулот олиб келиб сотиш имконини беришдир.
Хориждан маҳсулот олиб келадиган бизнес вакиллари шаклланишига шароит яратиш ҳамда ҳудудларда савдо инфратузилмасини яхшилаш учун аниқ чоралар кўрилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар 1-2 йилда ўз самарасини бериб, нарх-навони барқарорлаштиришга имкон яратади.
– Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз бўлган ҳолда тижорат банкларининг кредитлари фоиз ставкалари 20-28 фоиз? Нима учун ўртадаги фарқ бунчалик катта?
– Ҳозирда бизда аҳолининг ўртача депозитлари бўйича 20-21 фоиз миқдорида банклар фоиз тўлаяпти. Ўша депозитларни аҳолига кредит қилиб берамиз. Бу ерда сиз айтган фарқ пайдо бўлади. Бу фарқ фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда мавжуд. Депозит қўйиб, 24 фоиздан кредит қўядиган бўлса, бунинг 4 фоизи банкнинг маржаси, яъни банкдан кетадиган харажатлар учун ҳисобланади. Шуни ҳам айтиш ўринли, берилган кредит 100 фоиз қайтмайди.
1 октябрь ҳолати бўйича банк тизимида 5,6 фоиз, қиймат нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, 18 триллион атрофида берилган кредитлар қайтмаган. Яъни сиз айтган маржадан олинадиган даромад ўша кредитлар бўйича йўқотишга захира шакллантиришга ишлатилади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда юқори маржалик сақланади.
Ҳали банк тизими биз ўзимиз режалаштирган, мўлжалланган рақобатга эришгани йўқ. Бу ҳам маълум бандларимизда монопол шаклланиб, ўз-ўзидан фоиз ставкасига ҳам таъсирини кўрсатяпти. Келгусида бу соҳада ҳам кескин ўзгаришлар бўлади. Бизни ҳозир маълум жиҳатдан қаноатлантирадиган нарса банклар ўртасидаги кредит фоизлари кескин фарқ кузатилмаяпти.
Энг асосийси, инфляция даражасини сезиларли даражада пасайтирмайдиган бўлсак, биз юқори фоизли кредитлардан фойдаланишга мажбур бўламиз.
– Ўзбекистонда қачон ислом молиясининг ҳуқуқий асослари яратилади, тижорат банкларида ислом молияси дарчалари иш бошлайди?
– Бизда ислом молиясини ривожлантириш бўйича ишлар бошланган. 14 банкда ислом молияси дарчаларини ташкил этиш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Яъни бунда ислом молияси асосида кредит, депозитлар амалга оширилади. Ислом молиясининг маълум талаби бор.
Айтайлик мен сизга ислом тамойиллари асосида кредит беришим учун сизга ўша берадиган ресурсни ҳам ислом тамойиллари асосида жалб қилишим керак. Яъни, мен фоизга депозит жалб қилиб, сизга ислом тамойиллари асосида кредит берсам сиз олмаслигингиз керак. Чунки депозит жалб қилиш ҳам ислом тамойилига жавоб бермайди. Бу борада биз энг аввало ислом молияси бўйича саводхонликни ошириш бўйича маълум бир ишларни амалга оширишим керак.
Ислом молиясини кенг амалга оширишга молия кредит ташкилотларига қонун доирасида рухсат беряпмиз. Бунга албатта тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар устида ишлаяпмиз. Яна бир нарсани таъкидлаш ўринли ислом молиясини ривожлантириш учун фатво берадиган мусулмон идораси ҳам керак экан. Бу битта қарор билан ҳал бўладиган нарса эмас. Барча ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларини яратиб, бу нарсага эришишимиз мумкин.
<iframe width="1440" height="700" src="https://www.youtube.com/embed/5oe0DbDRwQA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова, Нишонбой АБДУВОИТОВ (видео), ЎзА