Малика – спорт устаси
Шахмат — бу шунчаки ўйин эмас. У чуқур тафаккур, қатъий ирода, сабр-тоқат ва тинимсиз изланишни талаб этади. Буни яхши англаган Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 9-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Малика Жумаева ёш бўлишига қарамасдан, яқинда шахмат бўйича “Спорт устаси” деган шарафли номга сазовор бўлди.
Маликанинг шахматга бўлган муҳаббати, аввало, оила муҳитида шаклланган. Биринчи устози — амакиси, марҳум Маматқул Ҳайлаев кўп йиллар Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи сифатида фаолият юритиб, кўплаб иқтидорли шогирдларни тарбиялаган тажрибали мутахассис эди. Унинг шахматга бўлган меҳри ва интеллектуал мероси набирасида ҳам катта қизиқиш уйғотди.

– Шахмат мен учун оддий ўйин эмас, – дейди Малика. – Ҳар бир партияда чуқур фикрлаш, тўғри қарор қабул қилиш ва узоқни кўра билиш зарур. Шахмат менга сабр, диққат ва масъулиятни ўргатди. Мақсадим — халқаро гроссмейстер бўлиб, юртим байроғини жаҳон чемпионатларида баланд кўтариш.

Ёш шахматчи сўнгги йилларда бир қатор йирик мусобақаларда муносиб натижаларга эришди. 2023 йилда БАА нинг Ал-Айн шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида шахматнинг блиц йўналишида 3-ўринни эгаллади. 2025 йил январь ойида Андижонда мактаб ўқувчилари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида учта бронза медалини қўлга киритди. 2025 йил март ойида эса Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро “Women Chess” турнирида совриндорлар қаторидан жой олди.

Айни шу Самарқанд турнирида ўзига хос бир воқеа юз берди. Шахматчилар одатда жароҳат олмайди, аммо мусобақанинг учинчи турида Малика оёғини синдириб олди. Шунга қарамасдан, у турнирни ташлаб кетмади, ирода ва сабот билан сўнггигача курашди ва якунда совриндорлар сафидан жой олди. Бу воқеа унинг кучли феъл-атворини ва иродасини янада яққол намоён этди.
Ҳозирда Малика Жамшид Шодиқулов ва отаси Барот Ҳайлаев каби тажрибали мураббийлар қўл остида келгуси йили бўлиб ўтадиган жаҳон шахмат олимпиадасига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Бунинг учун у нафақат стратегия ва дебютларни, балки психологик барқарорликни ҳам мустаҳкамламоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири