Малида исёнчилар Россия кучлари Шимолдан олиб чиқилишига эришдилар
Малида армия ва мамлакатда фаолият юритаётган Туарег исёнчилари билан иттифоқдош қуролли жиҳодчилар ўртасида тўқнашув яна авж олди. 25 апрель куни гуруҳ Президент ва мудофаа вазири қароргоҳларига, шунингдек пойтахт Бамакодаги халқаро аэропортга ҳамда яқин атрофдаги Кати шаҳрида жойлашган ҳарбий иншоотларга ҳужум қилган.
Натижада, баъзи манбаларга кўра, Россиянинг асосий иттифоқчиси ҳисобланган Мали мудофаа вазири Камара ўлдирилган.
Бундан ташқари “Le Figaro” газетаси ёзишича, исёнчилар мамлакат шимолидаги Кидал шаҳри тўлиқ назоратга олингани, армия кучлари ва иттифоқчи – “Россия-Африка корпуси” шаҳарни тарк этишга рози бўлгани ҳақида баёнот берган.
2023 йил Мали ҳукумати “Вагнер” хусусий ҳарбийлашган тузилма жангчилари кўмагида шаҳарни қайтариб олишга муваффақ бўлганди.
“Африка корпуси” – РФ Мудофаа вазирлиги ёрдами билан 2023 йил охири – 2024 йил бошида тузилган рус ҳарбийлаштирилган кучлари ҳисобланади. Россиянинг Африкадаги ҳарбий ва иқтисодий манфаатини ҳимоя қилиб келадиган бу гуруҳ илгари шу ҳудудда фаолият юритган “Вагнер” бўлинмалари ўрнини эгаллаган.
Туареглар – 2012 йилдан буён Малида мустақиллик учун курашиб келаётган этник гуруҳ. 2014 йил ҳукумат ва Туарег ҳаракатининг бир неча тузилмаси ўртасида сулҳ битими имзоланган.
С.Раҳимов, ЎзА