Мактабларда тиббиёт йўналишини ташкил этиш бўйича илғор тажрибалар ўрганилди
Шу кунларда Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактаблари директорларидан иборат делегация Москва шаҳрида бўлиб, мактабларда тиббиёт йўналишини ташкил этиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганмоқда.
“Тошкент тажрибаси” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ташриф давомида кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитиш, тиббиётга ихтисослаштирилган синфларни ташкил этиш, замонавий лабораториялардан самарали фойдаланиш, ўқувчиларни тиббиёт касбларига мақсадли йўналтириш ҳамда амалий ва касбий таълимни мактаб босқичидан бошлаш тажрибалари ўрганилмоқда.

Бундан асосий мақсад Москва шаҳрининг илғор тажрибаларини ўрганиш ва уларнинг самарали жиҳатларини Тошкент шаҳридаги мактаблар таълим жараёнига жорий этишдан иборат.
Тажриба доирасида ўқувчиларнинг тиббиёт соҳасига қизиқишини ошириш ҳамда келажакдаги малакали кадрларни мактаб давридан бошлаб мақсадли тайёрлаш назарда тутилган.
Шунингдек, ўрганилаётган илғор тажрибалар асосида Тошкент шаҳридаги мактабларда тиббиёт йўналишини ривожлантириш бўйича янги ва самарали ёндашувлар шакллантирилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА