Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида “Долзарб ойлик” эълон қилинди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотлари раҳбарлари, масъул ходимлар иштирок этди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ўтган ўқув йилида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий ўқув йилида бажарилиши зарур бўлган устувор масалаларга атрофлича тўхталди.

Таъкидланганидек, жорий йилда олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг 77 фоизини бу йил мактабни битирган ўқувчилар ташкил этди. Халқаро фан олимпиадаларида юртимиз мактаб ўқувчилари 69 та, жумладан, 5 та нуфузли олимпиадада 13 медални қўлга киритиб, Ўзбекистон тарихидаги энг яхши натижага эришди.
Жорий йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони 30 минг 792 тага етиб, қамров 72 фоизга, тайёрлов гуруҳларида 6 ёшли болаларнинг қамрови эса 90 фоизга етди.
Танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда соҳада йўлга қўйилаётган камчиликларга эътибор қаратилди. Жумладан, жойларда мактабгача таълимга қамров даражасини ошириш бўйича ишлар сарҳисоби келтирилиб, Ургут, Тўрткўл, Сариосиё, Нуробод, Элликқалъа туманларида бу борадаги кўрсаткичлар талабга жавоб бермаслиги таъкидланди.
Масъулларга мазкур ҳудудларда мактабгача таълимга қамров даражасини ошириш ҳамда мавжуд ҳолатларни атрофлича таҳлил қилиш бўйича зарур топшириқлар берилди.

Йиғилишда амалга оширилиши зарур бўлган ишларга тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, жорий ўқув йилида республика бўйича 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури, баҳолаш тизими, шундан 135 та мактабнинг юқори синфларида фанларнинг оптималлашуви асосида танлов фанлари жорий этилади.
Президент ва ихтисослашган мактаблар мазкур таълим масканлари учун “таянч мактаб” этиб белгиланди. Ушбу тизим кейинги беш йилда босқичма-босқич барча мактабларга жорий этилади.
Янги ўқув йилида 500 нафар, кейинги йилда 1,5 минг нафар хорижлик чет тили ўқитувчилари мамлакатимиздаги белгиланган мактабларда дарс бериш учун олиб келинади.
Барча мактабларда “Оқдарё тажрибаси” асосида иккинчи хорижий тил ва касбга ўргатиш ишлари амалга оширилади.
Йиғилиш таълим муассасаларидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, ҳудудий бошқармалар раҳбарларига жойларда олиб борилаётган таълим биноларини қуриш -таъмирлаш ишларини маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда жадаллаштириш топшириғи берилди.
Вазир мурожаатлар таҳлилига тўхталиб, ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий йил сентябрь ойининг шу кунидан октябрь ойи якунига қадар “Долзарб ойлик” этиб белгиланишини қайд этди.
Йиғилиш сўнгида вазир ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар ҳамда масъул ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Н.Усмонова, ЎзА