“Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” вилоят босқичи ғолиблари аниқланди
Навоий вилоятида педагог хотин-қизлар ўртасида “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” волейбол мусобақасининг вилоят босқичи ташкил этилди.
Бугун мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар нафақат билим сифати, балки педагогларнинг соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллиги ва жамоавий муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш орқали уларнинг ижтимоий фаоллиги ва касбий мотивацияси оширилмоқда.


Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган мусобақада жамоалар ўз маҳорати, жипслиги ҳамда ғалабага интилишини намоён этди.

Мусобақа якунларига кўра, 1-ўринни Навоий шаҳридаги 11-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси, 2-ўринни Зарафшон шаҳридаги 10-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ва 3-ўринни Навбаҳор туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаллар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири