Ўзбекистон Республикаси Президенти “Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарув тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарувнинг асосий устувор йўналишлари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат:
сифатли таълим беришда республика, ҳудудий, туман ва шаҳар даражасида яхлит вертикал бошқарув тизимини шакллантириш;
мактабгача ва мактаб таълимининг барча даражасидаги бошқарув тузилмаларига юқори салоҳиятли, замонавий билим, кўникма ва малакага эга ташаббускор номзодларни танлов асосида жалб қилиш;
мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини босқичма-босқич замонавий бошқарув ва менежерлик қобилиятига эга бўлган раҳбар кадрлар билан тўлдириш;
сифатли таълим берилишини таъминлашда ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларни эгаллашлари, танқидий фикрлаш, жамоада ишлаш каби кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган баҳолаш мониторингини ўтказиш;
тизимда фаолият юритаётган педагогларнинг касбий ва педагогик маҳоратини ошириш ҳамда уларга малака тоифаларини беришнинг янги тизимини жорий этиш;
тизим ташкилотлари фаолиятини рақамлаштириш орқали бошқарув самарадорлигини ошириш.
Фармонга мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, унинг тизимидаги агентлик ҳамда марказлар, ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмалари ходимларининг кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш тизими жорий этилади. 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга;
умумий ўрта таълим ташкилотлари директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга;
I ва II гуруҳга кирувчи мактабгача таълим ташкилоти директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари тегишлича III ва IV гуруҳдаги умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаларига тенглаштириш орқали оширилади.
2026 йил 1январдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотларининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра базавий тариф ставкаларига нисбатан тегишлича 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади.
ЎзА