Мактабгача ва мактаб таълими: натижалар ва режалар
Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида “Мактабгача ва мактаб таълими: натижалар ва режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, вазир ўринбосарлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Анжуманда таъкидланганидек, сўнгги йилларда таълим соҳаси давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу эса кенг кўламли ислоҳотлар ва аниқ натижаларда ўз аксини топмоқда.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2016 йилдан буён 304 та янги мактаб қурилган, 3 598 та мактаб реконструкция қилинган, 1 минг 955 та мактаб таъмирланган.
Шунингдек, 625 та янги боғча қурилган, 2 минг 522 таси реконструкция қилинди 759 таси таъмирланган.
Энг муҳим кўрсаткичлардан бири — қамров даражаси. Агар 2016 йилда мактабгача таълим қамрови 27,7 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда у 78 фоизга етди. 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш даражаси эса қарийб 98 фоизни ташкил этмоқда.
Олис ва чекка ҳудудларда таълимдан четда қолган болаларни қамраб олиш мақсадида “Ақлвой” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 216 та маҳаллада 648 та кўчма гуруҳ ташкил этилди, 10 мингдан ортиқ бола таълимга жалб қилинди.

Янги тизимга кўра, педагоглар учун узлуксиз касбий ривожланиш жорий этилди. “Касбий ривожланиш куни” ва “Методик маҳорат соати” ташкил қилинди, хорижда стажировка имкониятлари кенгайди.
2025 йилнинг ўзида 183 нафар педагог Сингапур, Германия, Франция каби давлатларда малака оширди. Охирги 10 йилда ўқитувчилар ойлиги қарийб 3 баробарга ошди. Бугун базавий ставка 5,1 млн сўмдан зиёд айрим педагоглар 10–20 млн сўмгача маош олмоқда. Бу эса касб нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўқувчилар халқаро олимпиадаларда ҳам юқори натижаларга эришмоқда. Хусусан, 6 йилда 276 та медаль, жорий йилнинг ўзида 27 та медаль қўлга киритилган. 2026 йилда эса Ўзбекистон илк бор Халқаро кимё олимпиадаси, Халқаро информатика олимпиадасига мезбонлик қилади.
Бугунги кунда 400 та мактабда касбга ўқитиш жорий қилинган. Энди битирувчилар ўқиган йўналиши бўйича сертификат - ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга бўлади.
Йил якунига қадар 1 минг 500 дан ортиқ хусусий боғча, 49 та илк ривожланиш маркази, 485 та тайёрлов гуруҳи ташкил этилади.
Шунингдек, 400 миллион доллардан ортиқ қийматга эга халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА