Мактабгача ва мактаб таълими: келажак авлодни билимли тарбиялаш асосий вазифамиздир
Мамлакатимизнинг куч-қудрати ва салоҳияти, қўлга киритаётган улкан ютуқ ва марралар, киши дилига жой бўлган эзгу фазилатларнинг безавол манбаларидан бири бу – билим-маърифат, тарбия ва маданиятдир. Таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, эртамиз эгаларига муносиб таълим ва тарбия беришдек устувор мақсадлар билан яшаётган Наманган вилоятида қандай амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда ЎзА мухбирига Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Соҳибжон Эргашев қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Боғча ва мактаб остонасига илк бор қадам қўйган ҳар бир бола учун билимлар эшиги, мўъжизалар оламини очадиган муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлар тимсолида биз янги шахс, янги авлод тарбиячиларини кўрамиз. Зотан, элимиз азалдан устозни ота-онадек улуғлаб келган. Ҳар биримизнинг ҳаётимизда бизга ҳарф танитган, билим берган, тўғри йўл кўрсатган, қалбимизда орзу ва мақсад уйғотган устозларимиз бор. Йиллар ўтади, инсон турли мартабаларга эришади, аммо, биринчи устозининг меҳри ва насиҳатини ҳеч қачон унутмайди.
Бугунги кунда вилоятимизда 4 минг 790 таълим муассасаси, жумладан, 790 мактаб, 3 минг 983 мактабгача таълим ташкилоти, 15 “Келажак” маркази, болалар кутубхонаси ва вилоят педагогик маҳорат маркази фаолият юритиб келмоқда.

Мавжуд умумтаълим мактабларида 566 мингдан зиёд ўқувчиларга 41 мингдан ортиқ педагоглар таълим-тарбия бермоқда. Кадрларнинг 97 фоизи олий маълумотга эга. Бу рақамлар ортида юз минглаб оилаларнинг умиди, фарзандларимизнинг келажаги ва, энг муҳими, эртанги кун турибди.
Кейинги йилларда педагогнинг жамиятдаги мавқеи ва нуфузини ошириш мақсадида амалга оширилган ислоҳотлар Наманган вилоятида ҳам ўзининг аниқ самарасини бермоқда. 2026 йилнинг ўтган даврида 6 минг 222 олий тоифали; 9 минг 420 биринчи тоифали; 9 минг 266 иккинчи тоифали педагоглар фаолият кўрсатди. Шу даврнинг ўзида олий малакага эга ўқитувчилар сони 252 нафарга, биринчи тоифалилар сони 268 нафарга, иккинчи тоифага эгалар сони эса 99 нафарга ошди. Энг муҳими, 2017 йилда 834 нафар бўлган олий тоифали педагоглар сони бугун 6 минг 222 нафарга етди.

Бугун вилоятимизда 8 миллион сўмдан юқори ойлик оладиган педагоглар сони 1 минг 219 нафардан, 10 миллион сўмдан юқори маош олаётганлар сони эса 511 нафардан ошди. Таълим сифати ва самарадорлигида юқори натижа кўрсатган 60 педагог вазир жамғармасидан ҳар ой 6, 4 миллион сўмлик устама олиб келган бўлса, янги бошланган ўқув йилидан бундай педагоглар сонини 100 нафарга етказиш кўзда тутилган.

Сўнгги йилларда Президент мактаблари тажрибаси асосида мезонларга асосланган янги баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича Наманганда катта тажриба тўпланди. 2023–2024 ўқув йилида ушбу тизим 28 та мактабда бошланган бўлса, 2024–2025 ўқув йилида 80 тага, ўтган ўқув йилида эса 230 та мактабга етказилди. Жорий ўқув йилида яна 100 та мактаб ушбу тизимга қўшилиб, уларнинг умумий сони 330 тага етказилади. Ўтган ўқув йилида янги баҳолаш тизимида самарали ишлаган 46 та мактаб раҳбар ва ўқитувчилари 10 фоиздан 40 фоизгача устама олиш имкониятини қўлга киритди.

Қувонарлиси шундаки, ўқувчиларимизнинг фан олимпиадаларидаги натижалари алоҳида эътирофга лойиқ. Ўтган ўқув йили давомида наманганлик ёш ўғил-қизлар маҳаллий ва халқаро олимпиадаларда жами 19 медаль соҳиби бўлди. Улуғбек Раҳматуллаев, Жаҳонгиршоҳ Авазхонов, Мадина Каримжанова, Вазира Мамасолиева каби иқтидорли фарзандларимизнинг нуфузли халқаро майдонлардаги ғалабалари бутун Наманган аҳлининг ғуруридир.
Эътиборлиси, шу апрель ойида Наманганда илк бор ташкил этилган Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасида ўндан ортиқ давлатлардан 100 га яқин билимдонлар қатнашди.

Бугун вилоятимиздаги 4 минг 340 нафар чет тили ўқитувчисининг 3 минг 597 нафари ёки 83 фоизи “Cefr”, “Ielts” ва бошқа сертификатларга эга. Яна бир қувонарли натижа – 4 минг 662 нафар мактаб ўқувчиси чет тили бўйича халқаро сертификат олган. 20 та ўқувчимиз “Ielts” имтиҳонида 8 даражани қайд этган. Ҳатто бошланғич синф ўқувчилари орасида ҳам “Ielts” 5,5 натижага эришган болажонларимиз бор.
Ўтган ўқув йилида 41 минг 806 ўқувчилар 11-синфни тамомлади. Уларнинг 776 нафари олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланди. Битирувчилардан 4 минг 283 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Қайд этиш даркор, жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб Наманган вилоятидаги 17 та мактаб ва 18 та мактабгача таълим ташкилотида Япония тажрибаси асосида тарбия жараёнларини йўлга қўйиш бўйича ишлар бошланди. Бу жараёнга кунчиқар ўлкангдан мутахассис-педагог Гото Микако жалб этилди. Олиб борилаётган ҳамкорликдаги ишларни янада мустаҳкамлаш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида июль ойида 30 нафар педагогимиз Япония давлатига бориб келди.

Жорий йил июнь ҳолатига кўра, Наманган вилоятида 3 минг 983 мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритиб, 3-7 ёшдаги 304 минг 559 нафар боланинг 225 минг 288 нафари ёки 74 фоизи қамраб олинган. 2025 йил якунида 6 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 78,2 фоизга етган. 2026 йилда эса 6 ёшли болалар сони 70 минг 489 нафарга етиши кутилмоқда.

Сифатли таълим талаб қилиш учун, биринчи навбатда, устоз ва ўқувчига муносиб шароит яратишимиз керак. Эътироф этиш лозимки, 2017-2025 йилларда Наманган вилоятида 707 таълим муассасасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 2026 йил инвестиция дастури доирасида яна 37 илм масканларида 351 миллиард 162 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” дастурининг биринчи мавсумида 52 мактаб ва боғча лойиҳаси ғолиб чиқиб, улар учун 65,6 миллиард сўмдан зиёд маблағ тасдиқланган.

2026-2027 ўқув йилида олдимизда аниқ вазифалар турибди. Энг аввало, ҳар бир мактабда таълим сифати бўйича шахсий масъулият тизими жорий этилади. Паст натижа кўрсатаётган синф, фан ва педагог билан манзилли ишланади. Қолаверса, янги баҳолаш тизими жорий этиладиган мактаблар сонини 330 тага етказиш билан бирга, тизимнинг мазмун ва методикасини ҳар бир ўқитувчига етказамиз. Олий ва биринчи тоифали педагоглар улушини камида 50 фоизга етказиш, педагогларни миллий ва халқаро сертификатларга тайёрлаш бўйича ҳар бир ҳудуд учун алоҳида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
Фан олимпиадаларига тайёрлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилиб, ҳар бир туманда иқтидорли ўқувчилар захираси ва кучли тренер-ўқитувчилар жамоаси шакллантирилади. Ҳар бир мактаб битирувчисини олий таълим ёки аниқ касб билан қамраб олишга эришиш асосий мақсадларимиздан биридир.

Хорижий тил, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, муҳандислик ва касб-ҳунар йўналишларини мактаб таълимининг устувор қисмларидан бирига айлантирамиз. Инклюзив таълим сифатини ошириб, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ҳар бир болага таълим олиш учун муносиб шароит яратишга эътиборни кучайтирамиз.

Мактабларда давомат ва тарбия масаласида “мактаб – оила – маҳалла” ҳамкорлигини кучайтирамиз. Чунки сифатли таълим интизом, тарбия ва соғлом муҳит билан бирга бўлгандагина натижа беради. Эндиликда директорнинг фаолияти бинода ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, ўқувчилар билими, педагоглар салоҳияти ва битирувчилар тақдири билан баҳоланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.