Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Сирдарё вилояти Сирдарё тумани «Малик» аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлиги омборида якка тартибда портлаш содир бўлгани сабабли тумандаги айрим давлат мактабгача таълим ташкилотларига бориб, уларнинг ҳолатини кўздан кечирди.
Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан биргаликда зарар етган МТТларни қисман таъмирлаш юзасидан барча керакли чоралар кўрилди.
Вазир ўз навбатида бундай ҳолатларда болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча объектларда мутасадди раҳбар ва ходимларга вазифалар белгилаб берди. Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, зарар кўрган мактабгача таълим ташкилотларининг бино пойдеворлари яхши ҳолатда, аммо айрим ойна ва ромларга, ойнали эшикларга зарар етган.
Ҳафта давомида барча камчиликлар бартараф этилиши кўзда тутилган.
ЎзА