Мактабгача таълим ва тарбия тизими янада такомиллаштирилади
Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг вилоят бўлими ҳамкорлигида давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти юзасидан ОАВ вакиллари, журналистлар ҳамда соҳа мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Ундамактабгача таълим ва тарбия тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, инновацион мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини ташкил этиш, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, педагог кадрлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, болаларни ўйинга йўналтирилган таълим асосида миллий ғурур ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

– Ҳужжатда педагог кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган, – дейди вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аброр Латипов. – Эндиликда янги ташкил этилган давлат мактабгача таълим ташкилотларига биринчи навбатда олий маълумотли тарбиячилар жалб қилинади. Дуал таълим тизими жорий этилиб, педагогика олий таълим ташкилотларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналиши бўйича бакалаврларни тайёрлаш халқаро илғор тажрибаларга мос равишда такомиллаштирилган таълим дастурлари асосида амалга оширилади. Шунингдек, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш билан боғлиқ кенг кўламли имтиёзлар белгиланган бўлиб, ер ажратиш, кредитлар, субсидиялар ва солиқ енгилликлари тадбиркорларни таълим соҳасига янада кенг жалб қилишга хизмат қилади.
Бугунги кунда вилоятда 1 479 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, шундан 228 таси давлат, 4 таси 2 та ташкилотга қарашли илк ривожлантириш маркази, 1 245 таси эса нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир.

Ҳудудда 3-6 ёшдаги болалар сони 92 889 нафарни ташкил этиб, уларнинг 81 004 нафари, яъни 87,8 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган. 6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи эса 99,5 фоизга етказилган.
Айни пайтда таълим ташкилотларида 3 654 та гуруҳ мавжуд бўлиб, машғулотлар ўзбек, рус ва қозоқ тилларида “Илк қадам” ҳамда “Илм йўли” вариатив дастурлари асосида олиб борилмоқда.

Шунингдек, Навбаҳор, Конимех, Хатирчи ва Нурота туманларида 14 та майдончада 7 та махсус жиҳозланган “Ақлвой” автобусида 26 та гуруҳ ташкил этилган бўлиб, мазкур гуруҳларга 544 нафар бола жалб этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги “Илк ривожланиш марказлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Кармана, Конимех, Учқудуқ ва Хатирчи туманларида Илк ривожланиш марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Уларда таълим-тарбия жараёни “ўйин гуруҳи” ва “махсус мактабгача таълим хизмати” моделлари асосида ташкил этилган.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА