Мактаб ва боғчаларга чиқинди контейнерлари етказиб берилади
Мамлакатимизда санитария ва экология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳудудларда чиқиндиларни тўплаш ва ташиш тизимини такомиллаштириш мақсадида қўшимча инфратузилма яратиш ишлари изчил давом этмоқда.
Замонавий махсус чиқинди идишларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, санитар тозалаш корхоналари ҳамда давлат муассасаларига янги контейнерлар етказиб бериш йўлга қўйилди. Бу эса чиқиндиларни саралаш, тўплаш ва ўз вақтида олиб чиқиш жараёнларини анча самарали ташкил этиш имконини бермоқда.

Бугунги кунга қадар санитар тозалаш корхоналарига лизинг асосида 650 миллион сўмлик 100 та чиқинди контейнери етказиб берилган. Қўшимча равишда, корхоналар маблағлари ҳисобидан яна 170 та контейнер харид қилинган. Умумий ҳисобда 270 та янги контейнер жорий этилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги контейнерлар жорий қилиниши натижасида айрим ҳудудларда чиқинди йиғиш қамрови 20–30 фоизга ошган. Бу эса атроф-муҳит мусаффолиги ва санитар ҳолат яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Келгусида эса мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва соғлиқни сақлаш ташкилотларини ҳам босқичма-босқич чиқинди контейнерлари билан таъминлаш режалаштирилган. Бу орқали ижтимоий объектларда санитария маданиятини янада юксалтириш мақсад қилинган.
Қайд этиш лозимки, бундай чора-тадбирлар нафақат экологик барқарорликни таъминлайди, балки аҳолида чиқиндиларга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА