Мактаб кутубхонасига 500 та китоб совға қилинди
Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев ўзи илк таълим олган Алишер Навоий маҳалласидаги 16-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрди. Бу ташриф мактаб жамоаси ва ўқувчилар учун кутилмаган ва қувончли воқеага айланди.
Туман раҳбари мактаб кутубхонасини турли жанрдаги 500 та бадиий китоб билан бойитди.
– Китоб инсоннинг энг ишончли дўсти ва маслаҳатгўйидир.

У теран фикрлашга, изланишга ундайди. Ҳар бир ўқувчи китобга ошна бўлса, унинг келажаги ёруғ ва юртимиз истиқболи янада равшан бўлади, – деди Олимжон Жўраев.


Ташриф давомида ҳоким битирувчи синф ўқувчилари билан ҳам мулоқот қилди. Ёшларга давлат томонидан яратилаётган имкониятлар, янги таълим лойиҳалари ҳақида маълумот бериб, билим олишда фаол ва ҳаётда қатъиятли бўлишга чорлади. – Келажагингиз ўз қўлингизда. Бугунги билимингиз эртанги марраларингизни белгилайди, – дея таъкидлади у.

Учрашув сўнггида мактабнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳам ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун масъулларга топшириқлар берилди ва ижро муддати белгиланди.