Франция Президенти Эммануэль Макрон якшанба куни яна бир бор парламент сайлови натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, истеъфога чиқиш нияти йўқлигини маълум қилди.
– Мен кўр эмасман, демократия инқирозини кўриб турибман, одамлар ва мамлакатни бошқараётганлар ўртасидаги тафовутни бартараф қила олмадик, – деган у “Nouvelle Republique” нашрида эълон қилинган уч саҳифали мактубида. – Ҳа, бошқарув усули тубдан ўзгариши керак.
Макрон истеъфога чиқиш режаси йўқлигини таъкидлаб, шундай қўшимча қилаган:
– 2027 йил май ойигача Президент, республика ҳимоячиси сифатида менга ишонишингиз мумкин.
Унинг айтишича, парламентни тарқатиб юбориш мамлакатнинг бирлашиши ва ривожланишга имкон берадиган ягона чора.
Францияда 9 июнь куни бўлиб ўтган Европа парламентига сайловда ўнгларнинг “Миллий бирлашув” партияси 31,36 фоиз овоз тўплаб, Макрон тарафдорлари коалициясидан икки ҳисса ўзиб кетди. Кейинроқ етакчи қуйи палата тарқатиб юборилиши ва муддатидан олдин парламент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Сайлов икки турда – 30 июнь ва 7 июль кунлари бўлиб ўтади.