Маҳсулотнинг даладан дастурхонгача бўлган “йўли” равон бўлиши керак
Президент ташаббуслари – амалда
Оилангиз билан кечки дастурхон атрофидасиз. Таомлар мазали, кайфият аъло. Яхши пишган гўшт, муздеккина қатиқ, яқинда узилган мева-чевалар... Бу маҳсулотлар хонадонингизга етиб келгунга қадар қандай йўлни босиб ўтгани ҳақида ҳозир бирозгина тасаввурларни жонлантирамиз.
Гўшт яйловда боқилган чорвадан олинган. Унга қандай ем берилган, қайта ишлаш ва ташиш жараёнида тозаликка қанчалик риоя қилинган? Қатиқ, мевалар қаерники бўлса? Бу неъматлар экологик тозадир-а? Ҳар хил дори-дармонлар билан шиширилмаган бўлса керак?
Мана шу оддий ҳаётий саволлар замирида бутун бошли мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи қандай муҳимлиги ётади. Шу сабабли ҳам, бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш миллий стратегик заруриятга айланди.
Иқлим ўзгариши шароитида озиқ-овқат занжирини назорат қилишда эскича услублар самара бермай қўйди. Бугун давлат бошқарувини такомиллаштириш деганда, даладан тортиб то истеъмолчининг дастурхонигача бўлган жараённи ягона тизимга солиш тушунилади. Агар давлат бу занжирда кучли назорат ва замонавий стандартларни ўрнатмас экан, бозорни сифатсиз, кимёвий моддалар билан меъёридан ортиқ ишлов берилган ёки ветеринария кўригидан ўтмаган маҳсулотлар эгаллаб олиши ҳеч гап эмас.
Бу занжирнинг энг муҳим ва нозик ҳалқаларидан бири, шубҳасиз, чорвачилик соҳасидир. Гўшт ва сут маҳсулотлари инсон организми учун зарур бўлган оқсил ва ҳаётий элементларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Бироқ чорвачилик жуда катта капитал, узоқ муддатли меҳнат ва юқори таваккалчилик талаб қиладиган соҳа.
Президент Шавкат Мирзиёев 12 май куни озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда чорвачиликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказган эди.
Бугун мамлакатимизда озиқ-овқат таъминотини яхшилаш учун жуда катта имкониятлар яратилган. Рақамларга эътибор беринг. Бизда 4 миллион гектар экин майдони бор. Маҳсулотларни асраш учун 1,5 миллион тонна сиғимга эга омборларимиз ишлаб турибди. Бундан ташқари, яна 3,5 миллион тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватларига эгамиз. Булар халқимизни арзон ва сифатли озиқ-овқат билан таъминлашга хизмат қиляпти. Шунингдек, йилига 4 миллиард долларлик маҳсулотни четга экспорт қиляпмиз. Бу давлат миқёсида жуда катта пойдевор, лекин биз бу жойда тўхтаб қололмаймиз.
Олдимизга жуда жиддий марра қўйилган. Ўзбекистон 2030 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказиши керак. Бунинг устига экспорт географиясини яна 100 та давлатга кенгайтириш мақсад қилинган. Бу марраларга эскича ишлаш ёки фақат қоғоздаги назорат билан етиб бўлмайди. Тизим дунё стандартларига тўлиқ мос келиши шарт.
Афсуски, шу кунгача соҳада камчиликлар бор эди. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва назорати билан бир йўла учта идора шуғулланиб келди. Оқибатда санитария, ветеринария ва карантин органлари ўртасида ягона маълумотлар базаси шаклланмаган. Айрим вазифалар эса бир-бирини такрорлаб ётган эди. Бу эса тадбиркорларнинг экспорт ва импорт жараёнларида ортиқча сарсон бўлишига сабаб бўлди.
Рўйхатга эътибор қилинг. Ўсимликлар карантини агентлигида 100 та, Ветеринария қўмитасида 115 та, санитария-эпидемиология тизимида 44 та вазифа ва функция мавжуд. Лекин шунча назоратчи бўлатуриб, маҳсулотни “етиштиришдан истеъмолчигача” кузатиб бориш тизими тўлиқ йўлга қўйилмаган эди. Назорат фақат охирги босқичда, яъни маҳсулот тайёр бўлгандагина қилинган.
Бунинг оқибати экспортда ҳам билиниб қолди. Назорат идоралари фақат якуний маҳсулотни текшириш билан чегараланиб қолганди. Ишлаб чиқариш занжирида халқаро стандартларни жорий қилишга эса етарлича эътибор берилмаган. Халқаро бозорларда рақобатдош бўлиш учун бу тизимни тубдан ўзгартириш зарур эди.
Шу муносабат билан соҳани чуқур ислоҳ қилиш ва халқаро талабларга мос ягона марказлашган тизим яратиш белгиланди. Энди “даладан дастурхонгача” тамойили асосида барча назорат жараёнларини қамраб оладиган Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади. У Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария қўмитаси ва Санэпидқўмитанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналиши негизида шакллантирилади.
Янги тизимда эскирган, тадбиркор фаолиятига тўсиқ бўлаётган текширувлардан бутунлай воз кечилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлаш бекор қилинади. Унинг ўрнига хавфга асосланган назорат ва текширув тартиби жорий этилади.
– Йиғилишда Президентимиз томонидан озиқ-овқат хавсизлигини янги босқичга олиб чиқадиган янги тизимнинг аҳамияти тўлиқ тушунтириб берилди, – дейди қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмалжон Қосимов. – Бу тадбиркорларимизга енгиллик. Кўплаб давлатларда маҳсулот сифати билан бирга уни назорат қиладиган тизимга алоҳида эътибор қаратилади. Бу тизим Жаҳон савдо ташкилоти талабларига ҳам мос келгани билан ҳам аҳамиятли. Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун жуда катта имконият бор. Мамлакатимизда 16 миллион гектар яйлов мавжуд. Бироқ бу улкан салоҳиятнинг атиги 10 фоизидан фойдаланиляпти, холос. Шу боис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. У Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси негизида фаолият бошлади. Озуқа базасини кенгайтириш ва наслчиликни яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда биттадан туман чорвачиликка ихтисослаштирилади.
Чорвадорларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгилаб берилди. 1 июндан бошлаб тижорат банклари йиллик 10 фоиз ставкада, 4 йил имтиёзли давр билан 10 йил муддатга кредитлар ажратади. Наслдор чорвани импорт қилувчилар эса 2029 йилгача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Бу ўзгаришлар оддий одамлар ҳаётига ҳам таъсир қилади. Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган бу қадамлар фарзандларимиз соғлиғи, дастурхонимиз тўкинлиги ва чўнтагимиз баракасидир.
Қачонки бозорда гўшт ва сут кўпайса, нарх-наво барқарор бўлади. Назорат тўғри йўлга қўйилса, дўкондан олаётган маҳсулотимизнинг сифатига шубҳа қилмайдиган бўламиз. Энг муҳими, мана шундай тизимли ислоҳотлар туфайли қишлоқдаги оддий чорвадор ҳам, шаҳардаги тадбиркор ҳам эртанги кунига ишониб меҳнат қилади. Дастурхонимиз файзи, фарзандларимиз саломатлиги эса бизнинг асосий мақсадимиз бўлиб қолаверади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА шарҳловчиси