Маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш масалалари кун тартибида
Мамлакатимизда электротехника саноатини янада ривожлантириш, тармоқ корхоналари фаолиятидаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказиладиган VI очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш, соҳа вакилларининг таклиф ва мурожаатларини тизимли ўрганиш ҳамда уларни тегишли давлат органларига етказиш мақсадида ўтказилди.

Очиқ мулоқот давомида тармоқни модернизация қилиш, саноат кооперациясини кенгайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарида маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Мулоқотда халқаро ва миллий стандартларни амалиётга кенг жорий этиш, маҳсулотларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш, давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Энергия самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда кичик қувватли қуёш электр станцияларини барпо этиш лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров иштирокчиларнинг савол ва мурожаатларига батафсил жавоб бериб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш ва метрология йўналишларида тадбиркорлар учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатларни умумлаштириш, уларни белгиланган тартибда тегишли вазирлик ва идораларга киритиш ҳамда Президентнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтадиган VI очиқ мулоқоти кун тартиби учун таклифлар пакетини шакллантиришда инобатга олиш белгиланди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА