Маҳаллий кенгашлар фаолияти таҳлил қилинди
Андижонда Халқ депутатлари вилоят кенгаши котибияти ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида “Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва кенгаш котибиятлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Семинарда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари котибиятлари бош мутахассислари ҳамда кенгашлар мутасаддилари иштирок этди.
Семинарда Халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси Ўктамжон Охунов, котибият мудири Насибахон Тўйчиева, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари фаолияти, белгиланган йўналишлар бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритди.
– Семинардан кўзланган асосий мақсад, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини Олий Мажлис Сенати кенгашининг намунавий тартиб ва низомлари асосида тизимли йўлга қўйиш, – дейди Халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси Ўктамжон Охунов. – Шу билан бирга, ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда депутатлик назорати тадбирлари самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Семинарда Олий Мажлис Сенати кенгашининг тегишли қарори талаблари асосида ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини доимий комиссияларда кўриб чиқиш ва сессияларга пухта тайёргарлик кўриш механизми муҳокама қилинди. Шунингдек, доимий комиссия баёнларини расмийлаштириш ва қарор лойиҳаларини юридик жиҳатдан тўғри шакллантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, маҳаллий кенгашлар фаолиятини ижтимоий тармоқлар орқали ёритилиши ҳолати, эълон қилинаётган пост ва материалларнинг мазмуни, сифати таҳлили кўриб чиқилди.

Таҳлилларга кўра, 2026 йилнинг март–май ойлари давомида Андижон вилоятидаги маҳаллий кенгашларнинг расмий телеграм каналларида жами 5 мингга яқин материал эълон қилинган бўлиб, бу борада Избоскан, Олтинкўл туманлари, Хонобод шаҳар Кенгашлари энг юқори фаоллик кўрсатган.

Семинар якунида мутахассисларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди, маҳаллий кенгашлар фаолияти сифати ва самарадорлигини ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари