Маҳаллаларда намунали хонадонлар сафи кенгаймоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экологик партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасининг туманларида маҳаллалар фаолияти, аҳоли турмуш шароити ҳамда экологик йўналишдаги ишлар юзасидан ўрганишлар олиб борди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Шуманай туманнинг “Мунчоқли” ва “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолининг турмуш шароити, маҳаллаларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Жумладан, Мунчоқли маҳалласида фаолият юритаётган “Касаначи ва ҳунармандлар мактаби”да ҳунарманд Олтиной Наўбетова томонидан қўй ва туя жуни, шунингдек, ипак ҳамда шойи матолардан тайёрланаётган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кузатувчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Тажрибали ҳунарманд ўз шогирдлари билан биргаликда қўй ва туя жунидан маҳси, бош кийимлар, ипак ва шойи матолардан эса рўмол, жакет ва камзуллар тайёрлаб, уларнинг сотувини йўлга қўйган. Маҳсулотларнинг миллий анъаналар ва замонавий дизайн уйғунлигида яратилаётгани уларга бўлган талабни янада оширмоқда.

Айниқса, мазкур ҳунармандлар мактабининг ижтимоий аҳамияти эътиборга молик. Бугунги кунда бу ерда 15 нафар хотин-қиз доимий иш ўрни билан таъминланган бўлиб, уларнинг ўртача ойлик даромади 3–3,5 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу эса маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва оилавий фаровонликни мустаҳкамлашда ҳунармандчиликнинг ўрни беқиёс эканини яна бир бор намоён этмоқда.

Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари “Мунчоқли” фуқаролар йиғинида яшовчи Мирзамурат Тилеумуратов хонадонида ҳам бўлиб, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, хонадон атрофини ободонлаштириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда сув ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш юзасидан тавсиялар берилди. Шунингдек, касбий тажрибадан келиб чиқиб, мевали дарахтларни зараркунанда ҳашаротлардан ҳимоя қилиш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда боғдорчиликда замонавий агротехник усуллардан фойдаланиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари “Мунчоқли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Лизахон Алланиязованинг хонадонидаги файз, озодалик ва тартиб-интизомдан мамнун бўлди. Иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлишига қарамай, у томорқа ерларидан унумли фойдаланиб, хонадонини намунали, обод ва саранжом ҳолда сақлаб келаётгани алоҳида эътирофга сазовор. Унинг ҳаётга бўлган қатъияти, меҳнатсеварлиги ва бунёдкорликка интилиши кўплаб оилалар учун ибрат бўла олади.
Бундай намунали хонадонлар маҳаллаларда ободонлаштириш маданиятини юксалтириш, томорқадан самарали фойдаланиш ва оилавий фаровонликни мустаҳкамлашда муҳим ўрнак бўлиши қайд этилди. Фидойи, меҳнаткаш ва матонатли оналарнинг саъй-ҳаракатларини эътироф этиш, уларнинг ҳаётий тажрибасини кенг тарғиб қилиш эса жамиятимизда меҳнат ва бунёдкорлик қадриятларини янада мустаҳкамлайди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири