Маҳаллаларда ислоҳотлар янги босқичда
Ўрта Чирчиқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида назарда тутилган маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йўналишларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Тасвирий ойина ижодий уюшмаси, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда дастлаб Президентимиз ташаббуси билан жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, маҳаллаларни ободонлаштириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар акс этган видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Тасвирий ойина ижодий уюшмаси Бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг аҳамияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидланганидек, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада оширишга қаратилган муҳим ташаббусдир. Бугунги кунда маҳаллани мустаҳкамлаш, унинг имкониятларини кенгайтириш ва аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Зеро, маҳалла – халқ билан давлат ўртасидаги энг яқин ва ишончли кўприкдир.

Тадбир давомида “Маҳалланинг ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш тараққиёт ҳамда фаровонлик гаровидир” номли тавсиялар тўпламининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур тўпламда Президент асарлари, нутқлари ва давлат дастурларида илгари сурилган устувор вазифалар асосида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, маънавиятни юксалтириш, ёшлар тарбияси, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга оид фикр ва ғоялар жамланган. Шунингдек, унда келтирилган иқтибослар, ҳикматли сўзлар ва шиорлар жамиятда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тавсиялар маҳаллалар фаолиятида амалий дастур вазифасини бажариши қайд этилди.

Тошкент вилоятидаги 800 дан ортиқ маҳаллаларда аҳолининг турмуш даражасини ошириш, бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жойларда “маҳалла еттилиги” фаолияти самарали йўлга қўйилиб, ҳар бир хонадон билан манзилли ишлаш орқали муаммоларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган имкониятлар кенгаймоқда.
Айни пайтда маҳаллаларда ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, ички йўллар таъмирланиб, пиёдалар йўлаклари барпо этилмоқда, замонавий тунги ёритиш тизимлари ўрнатилмоқда. Бу эса аҳоли учун янада қулай ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилмоқда. Ижтимоий соҳада ҳам салмоқли ишлар амалга оширилиб, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар бандлигини ошириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

– Жорий йил бошидан буён ҳудудлардаги маҳаллаларни замонавий қиёфага келтириш, маънавий-маърифий жиҳатдан безаш ишлари амалга ошириляпти, – дейди Тошкент вилояти Тасвирий ойина ижодий уюшмаси бўлим раҳбари Мурод Ғуломов. – Масалан, яқинда Ўрта Чирчиқ туманининг ҳозиргача ўз биносига эга бўлмаган “Уйғур” маҳалла фуқаролар йиғинига давлат хусусий шерикчилиги асосида янги бино қуриб берилиб, фойдаланишга топширилди. Энди “Маҳалла еттилиги”га алоҳида хоналар ва мажлислар залига эга бўлган бино маҳалла аҳолисига комплекс хизмат кўрсатади. Ўз навбатида бу каби маҳалла идоралари ҳудудлар учун ҳар томонлама намуна бўлиб, аҳоли ва меҳмонларга ўзгача кайфият бериши керак.
Тадбир давомида эришилаётган натижалар билан бир қаторда, ҳал этилиши лозим бўлган долзарб вазифалар ҳам қайд этилди. Бу борада белгиланган йўналишларда ишларни янада кучайтириш, ҳар бир маҳаллада аниқ ва самарали натижаларга эришиш зарурлиги таъкидланди. Мулоқотда иштирок этган вилоят фаоллари ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, мавжуд муаммоларни тизимли бартараф этиш ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олиш муҳимлигини қайд этди.
А. Мусаев, ЎзА