Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги эълон қилинди
Юртимизда 2026 йил – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили деб эълон қилинган. Шу асосда барча соҳалардаги ислоҳотлар натижаси, аввало, маҳаллада ва одамларнинг кайфиятида намоён бўлиши кераклиги таъкидланди.
Халқимиз қадимдан кунни ободончиликдан бошлагани, озодалик ва саранжомлик бор жойда файз-у барака бўлиши қайд этилди.
Жорий йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланади. Энг улуғ, энг азиз байрамни маҳаллаларда кўтаринки руҳда ўтказиш учун Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги эълон қилинди.
Ҳар бир вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари биттадан туманни, туманлардаги масъуллар эса биттадан маҳаллани олиб, бир ой давомида озодалик ва ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишларни ташкил этади.
Маҳаллада ободончилик ишларини ташкил этиш бўйича Бош вазир бошчилигида республика штаби тузилади. Ҳудудий штабларга ҳокимлар раҳбарлик қилади. Бу ишлар бир ойлик акция эмас, балки йил бўйи ишлайдиган умуммиллий ҳаракатга айлантирилиши зарурлиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
ЎзА