Маҳалла ёшларига байрам туҳфаси
Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллик байрами арафасида Андижон вилоятида янги иншоотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилмоқда. Марҳамат тумани Қушчи маҳалласидаги 34-умумтаълим мактабининг каптитал таъмирланган биноси ҳам ана шундай иншоотлардан биридир.
Марҳамат тумани ҳокими Илёсбек Умрзоқов, нуронийлар, маҳалла фаоллари, педагоглар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мактабнинг янги биноси очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда кейинги йилларда умумтаълим мактаблари учун мослаштирилган бинолар қуриш, мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчи ва ўқувчиларга зарур иш ва билим олиш шароитлари яратиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Қушчи маҳалласида асрлар давомида ўзбек ва қирғиз миллати вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб келади. Ушбу қишлоқдаги ўзбек ва қирғиз тилларида ўқитиладиган 34-умумтаълим мактаби биноси 1992 йилда бунёд этилган бўлиб, йиллар давомида минглаб ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келди. Бироқ вақт ўтиши билан бино ва ундаги шароитлар замонавий таълим талаблари ҳамда ўқувчиларнинг эҳтиёжларига тўлиқ жавоб бермай қолди. Ана шундан келиб чиқиб, мактаб биноси белгиланган дастур асосида умумий қиймати 5 миллиард 144 миллион сўм бўлган лойиҳа доирасида тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий ва барча қулайликларга эга таълим масканига айлантирилди.


Икки қаватли, замонавий кўринишга эга, 420 ўринли мазкур мактабнинг синф ва лаборатория хоналари, спорт залида ўқувчиларнинг ўқиши, пухта билим олиши, спорт билан шуғулланиши учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди.
– Мактаб янги биносининг фойдаланишга топширилиши маҳалламиз аҳли, айниқса, маҳалла ёшлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Муҳаммаджон Абдураҳмонов. – Ушбу янги таълим маскани маҳалламиз ёшларига узоқ йиллар давомида хизмат қилади, уларнинг эзгу орзулар, мақсадлар ва ёрқин келажак сари дадил қадам ташлашига кенг йўл очиб берадиган зиё маскани бўлиб қолади.


Туманнинг энг чекка ҳудудларидан биридаги мактаб биноси бутунлай янгича қиёфа касб этганлиги юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг, айниқса, таълим соҳасига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири