Маҳалла — Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг таянч маркази
2026 йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу қарор сўнгги йилларда маҳалла институтида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, аҳоли турмуш сифатини янада оширишга қаратилган навбатдаги муҳим қадамдир.
Маҳалла ўзбек халқи учун фақат ҳудудий бирлик эмас, балки ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик маскани ҳисобланади. Асрлар давомида шаклланган ушбу тизим бугун Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг энг қуйи, энг халқчил бўғини сифатида намоён бўлмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга йўллаган Мурожаатномасида маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, янги йилга шу ном берилишини таъкидлади.
Сўнгги йилларда маҳалла кесимида амалга оширилган ислоҳотлар аҳоли турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатди. Камбағаллик даражаси кескин қисқариб, бир вақтлар аҳолининг қарийб учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшаган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич 5,8 фоизни ташкил этмоқда. Сўнгги йилларда 8,5 миллион нафар фуқаро камбағалликдан чиқарилди. Фақат 2025 йилнинг ўзида 1,5 миллион кишининг турмуш шароити яхшиланди.
Ишсизлик даражаси ҳам пасайиб, йил бошида 5,5 фоиз бўлган кўрсаткич ҳозирда 4,9 фоизга тушди. Айрим ҳудудларда ишсизлик “табиий даража”га яқинлашди.
Тарихий натижа сифатида илк бор 1 435 та маҳалла “камбағалликдан холи ҳудуд” мақомини олди. Бу минглаб оилалар учун барқарор даромад ва фаровон ҳаёт деганидир.
Маҳалладаги ислоҳотлар, аввало, инфратузилма орқали намоён бўлмоқда. Сўнгги йилларда 188 та маҳаллада 715 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланди, 867 та “оғир” маҳаллада 470 минг хонадон томорқа суғориш сувига эга бўлди, 2,3 миллион нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Сўнгги 9 йилда 210 миллион квадрат метр турар-жой ва бошқа бинолар барпо этилди. Фақат 2025 йилда 135 минг хонадон янги уй-жойлар билан таъминланди.
Бугун ҳар бир маҳаллада жорий этилган “маҳалла еттилиги” тизими фуқаролар муаммоларини жойида ҳал этиш имконини бермоқда. Ушбу тизим маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, солиқ инспектори, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходимни ўз ичига олади.
2026 йилги аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик жараёнида 60 мингдан зиёд “маҳалла еттилиги” вакиллари махсус ўқувлардан ўтди. Ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, аҳолининг 90 фоиздан ортиғи ўзини маҳалла жамоасининг ажралмас қисми деб ҳисоблайди.
Мурожаатномада 2026 йил учун қатор аниқ режалар белгилаб берилди. Жумладан, маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун ҳудудларга 20 триллион сўм ажратилади. 33 та туман ва 330 та оғир маҳаллада барча муаммолар комплекс тарзда ҳал этилади, бунга 8,5 триллион сўм йўналтирилади. “Маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳаси доирасида 10 мингдан ортиқ лойиҳа учун 5 триллион сўм кредит ажратилиб, 100 минг янги иш ўрни яратилади. Ҳар бир маҳаллада 40 тадан микролойиҳа амалга оширилиб, 360 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.
Таъкидлаш жоизки, янги ёндашув Самарқанд вилоятининг Ургут туманида синов тариқасида бошланди. Бу ерда 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий экошаҳар барпо этилади. 2026 йилда туманга 544 миллиард сўм ажратилиб, ижтимоий объектлар қурилади, йўллар барпо этилади ва муҳандислик инфратузилмаси яхшиланади. Мазкур тажриба 2030 йилгача барча ҳудудларда жорий этилиши режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йил маҳалла институтини янги босқичга олиб чиқадиган йил бўлади. Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар аҳоли фаоллиги, ташаббуси ва ҳамжиҳатлиги билан уйғунлашгандагина кутилган натижага эришиш мумкин. Маҳалла ривожланса, жамият барқарор бўлади. Жамият барқарор бўлса, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти таъминланади.
Хуршид Ботиров,
Тошкент давлат юридик университети
илмий ходими.