“Тоза бизнес” стандарти, жазолашдан воз кечаётган назорат ва шаффоф бозор сари қадам
Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тадбиркорлик эркинлигини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш ва бизнесга маъмурий босимни камайтириш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Пойтахтимизда ўтказилган “Тоза бизнес: ҳалол бизнес юритишнинг янги стандарти” мавзусидаги V “Бизнесда ҳалоллик” халқаро форуми ушбу стратегик йўналишнинг мантиқий давоми бўлди. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги фармонида белгиланган “Тоза бизнес” миллий дастури доирасида ташкил этилган анжуманда давлат органлари, дипломатик ваколатхоналар, халқаро молия институтлари ва ишбилармон доиралар вакиллари бизнесда шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавфларни камайтириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Форумнинг энг муҳим концептуал якуни сифатида Тошкент декларацияси илгари сурилди. Иштирокчиларнинг умумий ёндашувларини акс эттирувчи ва тавсиявий хусусиятга эга ушбу ўн бандли ҳужжат ҳалол ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда давлат ҳамда хусусий сектор олдидаги устувор вазифаларни тизимли равишда қамраб олган.
Унда қулай ишбилармонлик муҳитининг пойдевори сифатида мулк ҳуқуқини ҳурмат қилиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш ва бизнес юритишнинг барқарор қоидаларини таъминлаш алоҳида қайд этилган. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, ортиқча рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ҳамда мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорларидан ҳимоя механизмларини кучайтириш қўллаб-қувватланади. Бунда тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш нафақат бузилган ҳуқуқларни тиклашга, балки муаммоларнинг такроран юзага келишига сабаб бўлаётган тизимли омилларни бартараф этишга хизмат қилиши зарурлиги таъкидланган.
Анжуманда давлат назорати фалсафасининг тубдан янгиланаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, жорий йил август ойида Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти якунларига кўра, белгиланган истисноларни ҳисобга олган ҳолда кичик тадбиркорлик субъектларини текширишга уч йиллик мораторий жорий этилди. Тошкент декларацияси ушбу ташаббусни янада мустаҳкамлаб, асосий эътиборни жазолашга эмас, балки ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қонунчилик талабларини тушунтириш ва ихтиёрий профилактик аудитни ривожлантиришга қаратишни белгилайди. Ҳужжатда муҳим принципиал мезон ўрнатилган, давлат назоратининг самарадорлиги ўтказилган текширувлар ва ундирилган жарималар сони билан эмас, балки қонунийликка риоя этилиши ҳамда фуқаролар ва бизнес учун хавф-хатарларнинг камайиши билан баҳоланиши шарт.
Тошкент декларациясининг яна бир муҳим хусусияти шундаки, у ҳалол ишбилармонлик муҳитини яратишда масъулиятни ҳам бизнес субъектлари, ҳам давлат органлари зиммасига тенг қўяди. Хусусан, ҳалол рақобат ва давлат харидлари шаффофлигига бағишланган бандда тадбиркорлар учун тенг шароитлар яратиш, тил бириктириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, қабул қилинган қарорлар устидан шикоят қилиш имкониятини таъминлаш зарурлиги қайд этилган.
Замонавий бошқарувда коррупциявий хавфларни бартараф этишнинг энг самарали воситаси рақамлаштиришдир. Форумнинг трансчегаравий савдо ва божхона тартиб-таомилларига бағишланган сессиясида ҳам айнан рақамли ечимларни кенгайтириш масаласи марказий ўрин тутди. Декларацияда тадбиркор давлат хизматларининг талаблари, муддатлари ва қиймати ҳақида аниқ маълумот олиши, ўз мурожаати кўриб чиқилишини кузатиши ҳамда қабул қилинган қарор асосларини билиши кераклиги кўрсатилган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, автоматлаштирилган тизимлар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тадбиркор ҳуқуқларига дахлдор қарорларни инсон томонидан қайта кўриб чиқиш имконияти билан уйғун ҳолда йўлга қўйилиши лозим.
Ҳужжатда хусусий секторнинг ички корпоратив маданиятини юксалтиришга ҳам кенг ўрин ажратилган. Корхоналар қонунга риоя этиш, шартнома мажбуриятларини виждонан бажариш, молиявий ҳисоботларнинг ишончлилигини таъминлаш ҳамда ходимлар, истеъмолчилар ва ҳамкорлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирилади. Бунда раҳбарларнинг шахсий намунаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Йирик компанияларга манфаатлар тўқнашуви, совғалар, вакиллик харажатлари ва етказиб берувчиларни танлаш тартибини ички қоидаларда белгилаш тавсия этилган бўлса, кичик ва ўрта бизнес учун уларнинг имкониятларига мос содда ечимлар – намунавий ички ҳужжатлар, қисқа амалий тавсия ва ўқув машғулотлари назарда тутилган.
Форум доирасида Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши Хартиясига янги тадбиркорлик субъектларининг қўшилиш маросими ўтказилгани бу борадаги амалий қадам бўлди. Декларацияда Хартияга ихтиёрий қўшилиш кундалик фаолият билан тасдиқланиши, шунингдек, қоидабузарликлар ҳақида виждонан хабар берган шахсларнинг махфийлиги таъминланиб, улар тазйиқ ва таъқибдан ҳимоя қилиниши алоҳида қўллаб-қувватланган. Мулкдорлик ва бошқарув шаффофлиги ҳамда юксак ишбилармонлик обрўси пировардида глобал инвесторлар ишончини мустаҳкамлаб, миллий компанияларнинг халқаро бозорлардаги имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Тошкент декларацияси давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги очиқ мулоқотни тизимли давом эттиришни устувор вазифа сифатида белгилайди. Хусусан, бизнес фаолиятига дахлдор янги талабларни жорий этишдан аввал уларни ишбилармонлар ҳамжамияти билан муҳокама қилиш, харажатлар ва коррупциявий хавфларни олдиндан баҳолаш ҳамда бу жараёнда Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси ва бизнес-ассоциациялар иштирокини кучайтириш муҳим деб топилди.
Ҳужжатда белгиланган ғояларни амалиётга татбиқ этиш механизми ҳам аниқ кўрсатилган. Форум ташкилотчиларига манфаатдор томонлар билан биргаликда барча таклифларни умумлаштириб, “Тоза бизнес” дастури мақсадларини рўёбга чиқариш бўйича аниқ муддатлар, масъул ташкилотлар ва кутилаётган натижаларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Энг муҳими, ушбу саъй-ҳаракатлар самараси тадбиркорлар ўз кундалик фаолиятида бевосита ҳис қиладиган аниқ ўзгаришлар – ортиқча тартиб-таомилларнинг қисқариши, бузилган ҳуқуқларнинг ўз вақтида тикланиши, маслаҳат ёрдамидан фойдаланиш имкониятининг кенгайиши ва коррупция хавфининг камайиши билан ўлчанади. Тошкент декларацияси шу жиҳати билан мамлакатимизда шаффоф, рақобатбардош ва халқаро инвесторлар учун ишончли ишбилармонлик муҳитини қарор топтириш йўлидаги муҳим дастурий мўлжал бўлиб хизмат қилади.
Нилуфар ДОНИЁРХЎЖАЕВА,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директорининг ўринбосари.
ЎзА