“Маҳалла” хайрия жамоат фонди маҳаллаларга қандай кўмак бермоқда?
Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқармасининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти ва фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда фонд томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди, тизимда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича режалар белгилаб олинди.

Ўтган даврда маҳаллалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 31 та маҳалла фуқаролар йиғинига мебеллар тўплами, компьютер қурилмалари топширилди.
Юздан ортиқ маҳаллада босқичма-босқич хизмат бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу куни ҳам Ургут туманидаги “Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғини хизмат биноси очилди.

Тадбир давомида ушбу маҳаллада яшовчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 2 нафар фарзандининг суннат тўйи ўтказилди. Фонднинг республика бошқаруви раиси Д.Усмонов раҳбарлигида тумандаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда “Темир дафтар”да рўйхатда турган 16 оилага фонд томонидан ҳомийлик асосида озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб, улар ҳолидан хабар олинди.

Таъкидлаш лозимки, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда туман, шаҳар бўлинмалари томонидан 2022 йилнинг шу давригача аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида байрамларда 300 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, 60 нафар оиланинг яшаш шароитини яхшилаш, уй-жойларини таъмирлаш ва соғликларини тиклаш учун қўшимча ҳомийларни жалб қилган ҳолда 100 миллион сўмга яқин бир марталик беғараз моддий ёрдам кўрсатилган. Ёнғиндан жабр кўрган оилаларга фонд ташаббуси билан қурилиш моллари ва 57,5 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан “Темир дафтар” рўйхатида турган 13 минг 474 нафар фуқаронинг муаммолари ижобий ҳал этилиб, 3875 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш мақсадида асбоб-ускуналар учун 8,7 миллиард сўм, 709 нафар фуқарога яшаш шароити ва соғлигини тиклаш учун 2,5 миллиард сўм, 8890 та оилага кундалик истеъмол товарлари ва бошқа маҳсулотлар учун 3,4 миллиард сўм ажратилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА