“Маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация” занжири асосида янгича ёндашув жорий қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
“Маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация” занжири асосида аҳолини спортга жалб қилиш ва селекция бўйича янгича ёндашув жорий қилинади.
Олийгоҳ ректори, федерация раҳбарлари ва ҳокимлар ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Бунда ҳокимлар ҳудудидаги мактаб, техникум ва бошқа спорт объектларида дарсдан ташқари вақтда спорт тўгараклари ташкил қилиш учун шароит яратади.
Мутасаддиларга 9 мингта маҳаллани 26 та федерация раҳбарларига боғлаб, мактаблардаги тўгаракларни зарур спорт анжомлари билан жиҳозлаш топширилди.
Спорт йўналишидаги олийгоҳлар 2- ва 3-курс талабаларининг ярмини, 4-курсдагиларнинг эса барчасини дуал таълим билан қамраб олиб, мураббийлик қилиш учун тўгаракларга юбориш муҳим экани қайд этилди. Бундай талабаларга автоматик равишда мураббийлик сертификати берилади.
Талабалар ҳафтада уч кун олийгоҳда ўқиса, қолган кунларда ўзи бириктирилган мактаблардаги тўгаракка бориб, ёшларни шуғуллантиради. Спорт тўгаракларидаги тушумнинг 50 фоизи мураббий талабанинг ўзига берилади.
Шунингдек, дуал таълим битирувчиларига диплом билан бирга ҳакамлик сертификатини бериш ҳам йўлга қўйилади.
ЎзА