Маҳалла банкирлари ўзи топган лойиҳаси учун имтиёзли ресурсдан фойдаланади
Жорий йил оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун қўшимча 2 триллион сўм имтиёзли ресурс берилди. “Оғир” маҳаллалар учун кредит ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Энди маҳалла банкирлари ўзи топган лойиҳаси учун ушбу ресурсдан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу тизимни 1 августдан амалиётга жорий этиш вазифаси қўйилди.
Маҳалла банкирларига бизнес фаолликни ошириш, тадбиркорлик, иш ўрни ва аҳоли даромадини кўпайтириш бўйича KPI белгиланади. Туман ва шаҳар ҳокимлари маҳалла раислари билан бирга ҳар бир маҳалла банкирига йил якунигача аниқ буюртма шакллантириб беради.
Давлат банклари бу йил 100 тадан маҳаллани ихтисослаштириш ташаббуси билан чиққан. Ўтган йили 9 та давлат банки иштирокида маҳаллаларда агросаноатни ривожлантириш учун “Агростар” компаниялари ташкил қилинган эди.
Энди банклар маҳаллани ихтисослаштириш билан чекланиб қолмасдан, “Агростар”ларни жалб қилган ҳолда “етиштириш – қайта ишлаш – сақлаш – қадоқлаш – сотиш” занжирини яратади. Бир ойда дастур қилиб, 1 мингта маҳаллада иш бошлаш топширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
ЎзА