Ўзбекистонда хотин-қизларнинг таълим олишига кенг имкониятлар яратиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида 2025-2026 ўқув йилида давлат олий таълим муассасалари магистратурасида таҳсил олаётган барча хотин-қизларнинг контракт маблағлари давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланди. Бу ташаббус хотин-қизларнинг олий таълимдаги иштироки ва илм-фанга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилади.

Бу учун хотин-қизлардан қуйидагилар талаб этилади:
– Аризалар 2025 йил 15 cентябрга қадар таълим олаётган ОТМ раҳбари номига топширилиши шарт. Кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди;
– Аризалар 3 иш кунида кўриб чиқилади, умумий рўйхат эса 5 иш кунида вазирликка юборилади. Контракт қопланиши ҳақидаги буйруқ 2025 йил 15 октябрга қадар қабул қилинади.
Ушбу давлат ёрдами барчага бир хил асосда татбиқ этилмайди. Имтиёздан фойдаланиш имконияти қуйидаги тоифаларга тегишли эмас:
– Муддатидан кечиктирилган аризалар;
– Табақалаштирилган контракт асосида ўқувчилар;
– Нодавлат ОТМ магистратурасида таҳсил олаётганлар.
Мазкур имтиёз хотин-қизлар учун фақат молиявий ёрдам бўлибгина қолмай, балки уларнинг билим олиш, касбий ўсиш ва жамиятда фаол иштирок этиш имкониятларини кенгайтиради. Шу билан бирга, белгиланган шартлар ва муддатларга амал қилиш катта аҳамият касб этади. Аризани ўз вақтида топшириш давлат ёрдамини олишдаги биринчи қадам.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА