ЎзАнинг “Глобус” лойиҳаси навбатдаги меҳмони Японияда тадқиқотчи-таҳлилчи (Research Analyst) сифатида фаолият олиб бораётган Мафтуна Мавлонова.

– Олий таълим учун инновация мутахассиси сифатида шуни айтаманки, иқтисодий нуқтаи назардан замонавий глобаллашув, рақамли иқтисодиёт шароитида инновацион фаолиятни ташкил қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш масаласи ниҳоятда муҳим, –  дейди Мафтуна. – Педагогика нуқтаи назардан эса замонавий таълим тизимида амалга оширилаётган инновацион жараён, аввало, барча соҳаларда рақамли технологиядан фаол фойдаланиш билан боғлиқ ва биринчи навбатда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган.

Президентимизнинг сўзларини эслайлик:

– Инновация – келажак. Биз буюк келажагимизни барпо этишни... айнан инновацион ғоялар асосида бошлашимиз керак. Инновацион ривожланиш ва рақамли иқтисодиёт йўлига ўтишимиз бежиз эмас, чунки замон шиддат билан ривожланаётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғоя, инновацияга таянган давлат ютади.

Бу фикр мамлакатимиз замонавий юксалишга эришиш мақсадида инновацион ривожланиш босқичига кирганидан далолат.

Мафтуна Мавлонова кун чиқар юртда япон тилини ўрганишни ният қилиб, 2021 йил Япониянинг Цукуба университети магистратураси грантини ютиб олди. Мазкур лойиҳа мамлакатдаги энг йирик хусусий жамғарма – “Nippon Foundation” томонидан молиялаштирилган. Бу дастур ҳар йили Марказий Осиёдаги иқтидорли талабаларга Японияда бепул ўқиш имкониятини тақдим этади. Ёш ўзбек мутахассиси ўқиш давомида тадқиқот ўтказиш услуби, олий таълимда инновация яратиш бўйича ҳам билимини оширяпти.

У фаолияти давомда AҚШ Халқаро хусусий тадбиркорлик маркази (Center for International Private Enterprise) – CIPE томонидан ўтказилган Ёшлар етакчилик дастурида қатнашиб, Ўзбекистонда СТЕМ йўналишига хотин-қизларни жалб қилиш мавзусида тадқиқот бошлади. Магистратурада ўқиш билан бирга БМТ Тараққиёт дастури (UNDP)да стажировка ўтади.

– Ҳозир Токиода истиқомат қиляпман, – сўзини давом эттиради қаҳрамонимиз. – Ўзбекистон ва Япония муносабатлари соҳасида етук мутахассис бўлиш орзуси мен учун энг катта мотивация. Асосан таълим, халқаро алоқалар, шунингдек икки мамлакат билан боғлиқ турли лойиҳаларда ишлаш имкониятини кўриб чиқдим.

Ўзбекистонлик ёш мутахассис Буюк Британия, Сингапур, Мальта, Австралияда иш юритадиган Олий таълимда инновацион технология (Supercharger Ventures edtech) стартап аccелераторларидан бирида нуфузли университетлар – Италиянинг Боccони, Испаниянинг Эсаде, Норвегия бизнес маркази билан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳозир олий таълим учун мўлжалланган “Sandbox” дастури устида иш юритяпти.

– Кун чиқар юртга келганимдан кейин дунёқарашим етарлича ўзгарди, – дейди М.Мавлонова. – Бир жамиятда умумий меъёр сифатида қабул қилинган тўғри ёки нотўғри, чиройли ёки ноўрин ва ҳоказо тушунчалар ҳар доим ҳам бошқа жамиятга мос келавермас экан. Хуллас, бошқа халқнинг ўзгача қарашлари, қадрияти, гўзаллик ҳақидаги тушунчаси ва ҳоказо ҳолатлар мен учун янгилик бўлди. Вазият тақозоси билан ўзгалар нуқтаи назарини қабул қилиш ва ҳурмат қилишни ўргандим.

Яна табиатга нисбатан мутлақо бошқача муносабатда бўла бошладим. Айнан нима учунлигини билмадим-у, лекин Японияда табиий гўзалликдан баҳраманд бўлиш, атроф-муҳитни қадрлаш ва табиатга ғамхўрлик қилишга одатландим.

Моддиятга муносабатим ҳам ўзгарди: илгари дугоналарим каби тез-тез нимадир харид қилишга ўч эдим, энди атрофимдаги кераксиз буюмлардан халос бўлишга, ҳар нарсани олавермасликка ҳаракат қиламан. Яхши таассурот, илиқ ҳис-туйғу ва ёқимли онларни кўпроқ қадрлайман.

Тартиблироқ бўлдим. Режа дафтари тутяпман: мақсадлар кундалик ҳаётимнинг бир бўлагига айланди.

Япониянинг кўп қиррали санъати – Кабуки театри мени ўзига ром қилди. Камида 4-5 соат давом этадиган, барча ролларни эркаклар ўйнайдиган  спектакль кишини чуқур мушоҳадага чорлайди.

Сакура гуллаши муносабати билан бўлиб ўтадиган фестивални алоҳида таъкидламоқчи эдим. Бу байрамнинг номи – “Ханами”, гулдан завқланиш маъносини англатади. Ҳар баҳор Японияда ҳаёт, гўё, қисқа муддатга тўхтайди. Одамлар “Ханами”да боққа боради. Баҳорнинг бошланиши, янги ҳаёт рамзи бўлган анъанавий олча гули фестивалида иштирок этади. Гуллаш мартдан май ойи бошигача ҳар бир минтақада турлича намоён бўлади. Токиода сакура, одатда, апрель ойи ўрталарида гуллайди.

Сакура гулбарги жуда нозик бўлади, тез тўкилади, тўлиқ гуллаши учун бир ҳафта керак. Мабодо ёмғир ёғса ёки кучли шамол эсса, гуллай бошлаган заҳоти тўкилиши ҳам мумкин.

Токиодаги Уэно боғида хиёбон ва кўркам ҳовуз бўйлаб 1000 дан зиёд сакура дарахти экилган.

Одатда, гавжум боғларда гулчамбарлар осилган, каналлар ёритилган, пушти ранг ёруғликнинг ноодатий жилосини ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2023 йил Чинзансо меҳмонхонаси ҳудудидаги боғда пушти ёруғлик билан бирга эртакнамо туман пайдо бўлди.

Сакуранинг 400 га яқин нави бор, энг машҳури Сатонишики...

Ўзи танлаган соҳани мукаммал ўрганиб, етук мутахассис бўлиб она ватани – Ўзбекистонга қайтишни орзулаган таҳлилчи Мафтуна Мавлонова суҳбатимиз якунида юксак режалари секин-аста ижобат бўлаётганидан мамнунлигини таъкидлади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мафтуна Мавлонова: Мен учун асосийси – малакали мутахассис бўлиб етишиш