АОКАда бўлиб ўтган брифингда Маданият вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш хизмати томонидан 2024 йилнинг 9 ойи давомида бажарилган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Юсуфжон Усмонов батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш мақсадида маданият вазирининг тегишли буйруғи билан “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича Сиёсати” қабул қилинган.
2024 йилнинг ўтган 9 ойи давомида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази билан ҳамкорликда вазирлик тасарруфидаги бошқарма бошлиқлари, бош ҳисобчилари, Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими ходимлари, ихтисослаштирилган санъат мактаблари директорлари учун 11 та гуруҳда 215 нафар тингловчига 132 соатлик ўқув курслари ташкил этилди.
Уларда тингловчиларга коррупцияга қарши курашишга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, маданият соҳасига дахлдор фармонлар ва қарорлар, бу борадаги ислоҳотларнинг моҳиятини тушунтириш, молиявий саводхонликни оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вазирликнинг тегишли буйруқлари асосида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, “Ўзбекистон давлат филармонияси” ва унинг ҳудудий бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хоразм, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд вилоятлари маданият бошқармаси ва тизим ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги ўрганилди.
Ўтказилган ўрганиш жараёнида ташкилотлар томонидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Ўрганишлар бўйича “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, “Ўзбекистон давлат филармонияси” ва унинг ҳудудий бўлимлари билан бевосита ҳамда Zoom платформаси орқали, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хоразм, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд вилоятлари маданият бошқармалари ва улар тасарруфидаги ташкилотлар ходимлари иштирокида йиғилишлар ўтказилди.
Вазирликнинг Коррупцияга қарши курашиш хизмати ва тегишли мутахассислар иштирокида давлат харидларига оид қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан Сирдарё вилояти Оқолтин тумани маданият бўлими, Урганч ихтисослаштирилган мақом санъати мактаб-интернати, Қўқон шаҳар 7-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби, Конимех тумани маданият бўлими, Шаҳрисабз шаҳар 20-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида 6 та хизмат текшируви ўтказилди ҳамда ўрганиш якунларига асосан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ 9 та ҳолатда мутасадди ходимларга қонунчиликда белгиланган тартибда таъсирчан чоралар қўлланилди.
Тарғибот ишлари ва огоҳлантиришларга қарамай, қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилмаган 10 нафар масъул раҳбар ҳамда мансабдор шахслар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, 9 нафарига эса “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шахс вакиллари томонидан Маданият вазирлигига коррупцияга оид жами 11 та мурожаат келиб тушди. Барча мурожаатлар тегишли мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқилиб, ариза муаллифларига жавоб хатлари юборилди.
Президентимизнинг 2024 йил 5 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуни ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Маданият вазирлиги ва унинг барча тизим ташкилотларида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилмаслиги юзасидан ишлар назоратга олинган.
Н.Усмонова, ЎзА