Маълумки, 1 май куни “Истиқлол” санъат саройи ҳудудида “Хор турецкого и сопрано” жамоаси томонидан “Ғалаба қўшиқлари” куйланиб, концерт дастури намойиш этилган эди.
Ушбу концертда айрим томошабинларнинг қизил байроқ кўтаргани ҳолати ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур вазиятга Маданият вазирлиги ўз муносабатини билдирди.
- “Михаил Турецкий мусиқа холдинги томонидан 2018-2019 йиллар давомида 14 та давлатда концерт дастурлари намойиши ўтказилган. 2020 йилда ҳам пандемияга қарамай, Европанинг 13 та давлатида концерт дастурлари ташкил этилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 30 апрель куни Душанбе ҳамда 2 май куни Бишкек шаҳарларида ҳам халқлар ва миллатлар ўртасидаги ҳамдўстлик, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадига йўналтирилган мусиқий дастурларни тақдим этган.
Маданият вазирлиги ушбу концерт дастурининг Ўзбекистонда ўтказилишида ҳамкор ҳисобланиб, фақат саҳнадаги жараёнларга жавобгарликни ўз зиммасига олган. Яъни, иштирокчиларнинг саҳнада ўзини тутиши, миллий урф-одат ва анъаналарга зид бўлмаган мусиқий дастурлар тақдим этилишини назорат қилиб, намойишнинг бадиий савияси, етуклигига жавобгар ҳисобланади.
Лекин бугун ҳар биримиз миллийлигимиз, тилимиз, маданиятимиз, урф-одат ва анъаналаримиз тарғиботи йўлида хизмат қилар эканмиз, буни кенг оммага мажбурлаб ёки кескин танқид руҳида эмас, балки ўзимиз намуна кўрсатган ҳолда етказишимиз лозим деб биламиз. Бунга шу юртнинг ҳар бир фарзандини масъул, деб ҳисоблаймиз”, дейилади вазирлик муносабатида.
Файзулло Яҳёев, ЎзА