Маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизими самарадорлиги оширилади
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида “Маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, маданий мерос соҳасида давлат бошқарувини янада самарали ташкил этишга қаратилган.
Қонун билан Солиқ, Шаҳарсозлик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга, шунингдек, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”, “Музейлар тўғрисида” ҳамда “Ер қаъри тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат органлари ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Амалдаги қонунчиликдан Маданият вазирлигининг моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим ваколатлари чиқариб ташланмоқда.
Қонун маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш ва янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА