Маданий мерос объектларини асраш ва реставрация қилиш ишларининг намунали жиҳатлари
Ҳозирги кунда мамлакатимизда барча маданий мерос объектларини, тарихий биноларни, таъмирга муҳтож қадимий объектларни реставрация қилиш ишларига алоҳида урғу берилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда, тарихан таркиб топган ҳудудда аниқ кўзга ташланадиган, атроф манзараси билан умумийлиги ёки алоқадорлиги тарихий, археологик, меъморий, эстетик ёки ижтимоий-маданий қимматга эга бўлган, ижтимоий, маъмурий, диний, илмий, ўқув-таълим, истеҳком, сарой, тураржой, савдо, ишлаб чиқариш ва бошқа аҳамиятга молик ҳамда рассомлик, ҳайкалтарошлик, амалий безак санъати, меъморчилик асарлари билан боғлиқликда алоҳида ёки ўзаро биргаликда турган ёдгорликлар, иморатлар ва иншоотлар гуруҳлари, шунингдек тарихий тарҳларнинг ҳамда манзилгоҳлар иморатларининг қолдиқлари, ландшафт архитектураси ва боғ-роғ санъати асарлари муҳим тарихий аҳамиятга эгадир.
Инсон ва табиат ижодининг муштарак маҳсули, шунингдек тарихий, археологик, шаҳарсозлик, эстетик, этнологик ёки антропологик қимматга эга бўлган ҳудудлар, шу жумладан халқ ҳунармандчилиги масканлари, тарихий манзилгоҳлар ёки шаҳарсозлик тарҳи марказлари ва тарихий (шу жумладан ҳарбий) воқеалар, ёдгорликлар, атоқли тарихий шахсларнинг ҳаёти билан боғлиқ бўлган иморатлар, хотира жойлари, табиий ландшафтлар, шунингдек кўҳна шаҳарлар, шаҳристонлар, манзилгоҳлар, қароргоҳлар иморатларининг маданий қатламлари, қолдиқлари, маросимлар бажо этиладиган диққатга сазовор жойлар саналади.
Тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни моддий-маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиши, мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тарихий-маданий экспертиза хулосаси олинган кундан эътиборан мазкур объектлар аниқланган маданий мерос объектлари жумласига киритилади. Шунингдек, археология ёдгорликлари топилган пайтидан эътиборан аниқланган моддий маданий мерос объектлари ҳам шулар жумласига киритилади. Тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган янги аниқланган моддий-маданий мерос объектлари ҳам моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилиши тўғрисидаги масала ҳал қилингунгача амалдаги мавжуд Қонун талабларига мувофиқ муҳофаза қилиниши керак.
Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган моддий маданий мерос объектига моддий маданий мерос объектининг паспорти берилиб, унга мазкур моддий маданий мерос объектини муҳофаза қилиш мазмунидан иборат маълумотлар ва объектнинг тавсифлари киритилади.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда маданий мерос соҳасида Хитой билан ҳамкорлик кенг амалга оширилмоқда
Буюк Ипак йўлида жойлашган икки муҳим цивилизация сифатида Ўзбекистон ва Хитой бой маданий меросга эгадир. Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари қадимги Ипак йўли бўйлаб узоқ тарихга бориб тақалади. Таъкидлаш лозим бугунги кунда маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги алмашинув ва ўзаро ҳамкорлигимиз «Бир макон - бир йўл» қўшма бунёдкорлик лойиҳаси доирасида ҳам муттасил чуқурлашиб, қамрови кенгайиб бормоқда. Хива музей-шаҳрида жаҳон маданий мероси объектларини муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш борасидаги Хитой билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар аллақачон юксак самаралар берди. Икки мамлакат олимларининг ўрганишлари натижасида Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги илмий изланишлар ва маданий мерос объектларини тадқиқ қилишда катта муваффақиятларга эришилди. Бу натижаларнинг барчаси аллақачон Ипак йўлининг маданий қадриятларини ҳимоя қилиш йўлидаги ҳақиқий қадамларга айланиб, мамлакатларимиз маданий меросини биргаликда ҳимоя қилишда икки давлат учун янги тарихий саҳифани белгилаб бермоқда.
Мустақиллик шарофати билан Самарқанд музей-қўриқхонасининг Регистон майдони ёдгорликлари, Шоҳизинда, Бибихоним меъморий мажмуаси, Aмир Темур мақбараси, Aфросиёб музейи, Руҳобод мажмуаси, Бухородаги Калон минораси ва масжиди, Мир-Aраб мадрасаси, Савдо гумбазлари, Циторайи Моҳи Хоса ансамбли, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси, Хиванинг Ичан қалъасидаги Кўҳна арк, Муҳаммад Aминхон мадрасаси ва масжиди, Исломхўжа минораси, Тошҳовли саройи, Жоме масжиди, Шаҳрисабздаги Дор-ус-саодат, Дор-уст-тиловат ансамбллари, Aмир Темурнинг Оқ саройи, Термиздаги Ҳаким ат-Термизий, Имом Термизий, Султон Саодат, Қирққиз меъморий ёдгорлик мажмуалари қайта таъмирланди. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабздаги бетакрор меъморий ёдгорликлар Жаҳон халқаро маданий мерос рўйхатига киритилган. Мустақиллик йилларида халқимизнинг меъморий обидалари қаторига янгидан барпо етилган Aмир Темур, Aлишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Aҳмад ал-Фарғоний, Aлпомиш, Жалолиддин Мангуберди ҳайкаллари қўшилди. 2002 йилда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан тарихий ашёлар, меъморчилик ва ҳайкалтарошлик санъати намуналари, деворий расмлар, уй-рўзғор буюмлари, турли тақинчоқлар билан жиҳозланган муҳташам археология музейи барпо этилди. Ўзбекистон музейлари аҳоли орасида ўлкамиз тарихи, халқ амалий санъати асарларидан иборат этнографик кўргазмаларни намойиш етиб, жамиятимиз маънавий камолоти йўлида хизмат қилмоқда. Минглаб хорижий сайёҳлар республикамиз музей қўриқхоналарига ташриф буюриб, аждодларимиздан қолган тарихий ёдгорликлар, обидалар, монументал санъат асарлари олдида ҳайратга тушмоқдалар. Франция, Туркия, Эрон, Покистон, Корея, Хитой ва бошқа мамлакатларда Ўзбекистон музейларининг экспонатлари намойиш этилди. Шу ўринда, Ватанимиз тарихини ўрганаётган Сиз азиз ўқувчиларни аждодларимиз тарихини, маданий ҳаётини ўзида ёрқин акс эттирувчи кўпдан-кўп музейларга ташриф буюриб, ўз билимларингизни янада бойитиб ва мустаҳкамлаб боришга таклиф этамиз. Бугунги кунда мамлакатимизнинг моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар салмоғи катта. Aйни пайтда ЮНEСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги 4 та меъморий мажмуа – Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари киритилган.
ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига эса, мамлакатимиз номоддий маданий меросининг 8 та объекти (Бойсун маданий макони, Шашмақом мумтоз мусиқаси, Катта ашула, Aския санъати, Наврўз, Палов маданияти ва анъаналари, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази: адрас ва атлас тикиш, Хоразм рақси – Лазги) киритилган. Мамлакатимизнинг ЮНEСКОга аъзо бўлган 1993 йилдан бошлаб соҳага оид барча асосий халқаро ҳужжатларига қўшилиш чораларини кўрди, уларнинг нормалари миллий қонунчиликка имплементация қилинмоқда.
Кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳудудидаги ноёб маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, тарихий шаҳарларнинг бош лойиҳаси ва менежмент режасини ЮНEСКО халқаро стандартлари ҳамда талабларига мувофиқ ишлаб чиқишда мазкур тузилманинг халқаро экспертлари ҳам кенг жалб этилмоқда. ЮНEСКО билан яқин ҳамкорликда моддий ва номоддий мерос объектларини асрашга доир турли халқаро анжуманлар ташкил қилинмоқда. Мазкур тадбирлар маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш йўлидаги долзарб муаммоларни кўриб чиқиш, халқаро тажрибани ўрганиш, тарихий-маданий мерос сақланишини таъминлашга доир миллий тизимни такомиллаштириш, бу йўналишдаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишларини аниқлаш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишда, хусусан, ЮНEСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсияларини бажаришда айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Шундан келиб чиқиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маданий мерос объектларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, сақлаш ва тиклаш бўйича Ҳукумат томонидан белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишига алоҳида эътибор қаратиш мақсадида парламент сўрови юборилган эди. Aйтиш мумкинки, Президентимизнинг 2018 йил 19 декабрдаги «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори бу борада янги босқични бошлаб берди. Қарорнинг 10-бандига асосан ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланиши белгиланди. Уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Маданий мерос департаменти ҳамда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширишига оид тартиб ўрнатилди.
ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар сифатида белгилаб қўйилиши ушбу ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомига аниқлик киритилди ва уларни муҳофаза қилишнинг қонуний асослари яратилди.
Таъкидлаш жоизки, режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳаларини ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишиб олиш йўлга қўйилди. Масалан, 2020 йилда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишиб олиш учун 11 та лойиҳа Умумжаҳон мероси марказига юборилган. 2020 йил сентябрь ойида Бухоро тарихий марказида режалаштирилган объектнинг лойиҳаси юзасидан Умумжаҳон мероси марказининг ижобий хулосаси олинди.
Ҳозирги кунда юртимизда маданий мерос объектларига берилаётган алоҳида эътибор, юртимизга сайёҳларни жалб қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга деб бемалол айта оламиз! Уларни асраш реставрация қилиш ишлари жадал йўлга қўйилгани эса нур устига аъло нурдир.
Қолаверса, оддий маданий мерос объектларини консервациялаш, реставрация қилиш, тузатиш, таъмирлаш, илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш, лойиҳалаш бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва ушбу соҳага етакчи мутахассисларни жалб қилиш мақсадида 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб Тошкент Aрхитектура-Қурилиш институти ва Самарқанд давлат Aрхитектура-Қурилиш институтида маданий мерос объектларини асраш факультетлари очилди ва Бухоро Aрхитектура ва Қурилиш коллежида Маданий мерос объектларини асраш йўналиши ҳам ташкил қилинди. Ушбу факультетнинг маданий мерос объектларига алоҳида эътибор берилишига бевосита биринчи қадам қўйилди, десак хато эмас. Бу йўналишни битириб чиққан талабалар маданий мерос объектларини асраш ва уларни реставрация қилишда етук мутахассис бўлиб етишишади ва бу борада ўз ҳиссаларини қўшишади.
Шерали Рахматуллаев,
Тошкент шаҳар Aрхитектура-қурилиш институти
Маданий мерос объектларини асраш факультети 2-босқич талабаси