18 апрель – Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни
Қадим ва бой тарихга эга юртимизда тарихий обида ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади Қолаверса, юртимиздаги юзлаб кўхна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келмоқда. Шу боис, уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
– Айни кунда вилоятимизда маҳаллий, республика аҳамиятига молик 422 та тарихий ва маданий мерос объекти рўйхатга олинган, – дейди Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Бекзодбек Умаров. – Улардан 221 таси археологик, 74 таси меъморий ёдгорликлар, 42 таси монументал санъат ёдгорликлари, 85 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир. Маданий мерос объектларининг 400 таси давлат, 22 таси хусусий мулк ҳисобланади.
[gallery-16980]
Мавжуд тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш ишлари режа асосида амалга оширилмоқда. Жумладан, мутахассислар иштирокида вилоятдаги маданий мерос объектлари рўйхати шакллантирилиб, уларнинг электрон маълумотлар базаси яратилди. Қатор объектларни ўрганиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Уларнинг аксариятида кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топономик, картография ишлари амалга оширилди. Жумладан, аксарият тарихий ёдгорликларнинг кадастр ҳужжатлари, паспортлари тайёрланди.
Шунга қарамасдан соҳада ўтказилган таҳлиллар, ўрганишлар маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказиш, паспортларини тайёрлаш, уларнинг чегараларини белгилаш, муҳофаза ва реставрация қилиш, ўрганиш, тарғиб этиш борасида қатор камчилик ҳамда муаммолар мавжудлигини кўрсатди.
Ана шу камчиликларни бартараф этиш мақсадида қатор объектларда тарихий-маданий эспертиза ўтказилди. Бундан ташқари, вилоятда яна 58 та янги маданий мерос объекти аниқланиб, уларга оид маълумотлар Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгаши муҳокамасига қўйилди.
Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан ўтган йили мавжуд 422 та маданий мерос объектининг муҳофаза ҳудудларини белгилаш бўйича лойиҳалар тайёрланиб, Агентликка тақдим этилди. Барча маданий мерос объектларига муҳофаза белгилари ўрнатилди. Бироқ айрим объектлардаги муҳофаза белгилари эскирганлиги сабабли янгилаш учун олиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, Андижон шаҳридаги "Жомеъ" меъморий мажмуаси, "Абдураҳмонбой масжиди", "Юнус ота" зиёратгоҳи ва уларга туташ ҳудудлар ободонлаштириш, сақлаш бўйича инвестиция киритиш мажбурияти билан тадбиркорлик субъектларига ижарага берилган. Бундан ташқари, қатор маданий ва тарихий ёдгорликларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Асака тумани Шодлик маҳалласида жойлашган “Хўжа Абдуллоҳ туғдор мақбараси”, шунингдек, Андижон тумани Хортум маҳалласида жойлашган “Масжид” ёдгорлигида хомийлик асосида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Ушбу объектларни таъмирлаш-тиклаш учун қарийб 5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Халқимиз, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи зиёратгоҳ, археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш, уларга янги ҳаёт бахш этишга қаратилган юқоридаги каби ишлар вилоятдаги қатор зиёратгоҳларда ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, ўтган йили Жалақудуқ туманидаги “Қутайба Ибн Муслим”, Хўжаобод туманидаги “Имом ота”, Қўрғонтепа туманидаги “Биби сешанба”, Хонобод шаҳридаги “Фозилмон ота” зиёратгоҳлари, Андижон шаҳридаги “Арк ичи” ёдгорлик музейида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 17-бандида маданий мерос объектларининг техник ҳолати яхши, ўрта, ёмон, авария ҳолатида тартибида баҳоланиши кўрсатилган. Ана шу низом доирасида, белгиланган тартиблар асосида ўрганишлар бўйича вилоятдаги моддий-маданий мерос объектларининг 145 таси яхши, 183 таси ўрта, 94 таси эса қониқарсиз, авария ҳолатида деб таснифланган.
2023 йил мобайнида Андижон шаҳридаги "Йилқичи ота", Хўжаобод туманидаги "Имомота" зиёратгоҳлари, Жалақудуқ туманидаги "Иккинчи жаҳон уруши қахрамонлари хотираси майдони", "Клуб", Хўжаобод туманидаги "З. М. Бобур хиёбони", Асака туманидаги "Ғуломжон Ёқубов хиёбони" каби маданий мерос объектларида ноқонуний қурилмаларни буздириш ҳамда ушбу объектлар ҳамда уларнинг муҳофаза ҳудудларидан тадбиркорга ер ажратиш тўғрисидаги ҳокимликларнинг ноқонуний қарор ва фармойишларини бекор қилиш бўйича Андижон туманлараро маъмурий судига, Асака, Хўжаобод туманлараро фуқаролик судларига 8 та даъво ва шикоят аризаси киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 53-бандида маданий мерос объектлари (археологик обидалар) ва уларнинг муҳофаза зоналари ҳудудларидан қабристон учун ер участкаси ажратиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган. Бироқ бугунги кунда вилоятдаги 221 та археология ёдгорлигининг 60 таси ҳудудининг маълум қисмидан қабристон сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бундан ташқари, 69 та археология ёдгорлигининг муҳофаза ҳудудларидан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланилаётганлиги ачинарлидир. Бу каби салбий ҳолатлар ёдгорликларга зиён етказмоқда, уларнинг тарихий аҳамияти йўқолишига олиб келмоқда.
Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Мухтасар айтганда, тарихий обида ва маданий ёдгорликлар юртдошларимиз қалбида она юртга муҳаббат, қадим ўтмишимизга бўлган фахр-ифтихор туйғусини мустаҳкамлашга, қолаверса, ёш авлодни тарихимизга, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари