АОКАда ўтказилган брифингда Маданий мерос агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳиддин Мелиқулов Илмий-эксперт кенгаши томонидан 2025 йилнинг биринчи чорагида кўриб чиқилган лойиҳалар юзасидан маълумот берди.
Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 3 мартдаги “Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида амалга оширилади. Кўрсатилган қарорларга мувофиқ, моддий маданий мерос объектларининг аслийлигини сақлаш, уларнинг атроф-муҳитини муҳофаза қилиш ва ҳар қандай қайта қуриш ёки реконструкция ишлари белгиланган тартибда амалга оширилиши таъминланади.
2024 йил 20 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Кенгаш таркиби янгиланди. Мазкур қарор билан Илмий-эксперт кенгашнинг мақоми ҳамда моддий маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳаларни кўриб чиқиш, тарихий муҳит ва архитектура яхлитлигини сақлаш бўйича хулосалар бериш, илмий тадқиқотлар, таъмирлаш ва реконструкция ишлари устидан қатъий илмий назоратни таъминлаш каби функциялари белгилаб берилган.
Қайд этилишича, бугунги кунда моддий маданий мерос объектларига тегишли ҳар бир лойиҳа кенгаш аъзолари томонидан ҳуқуқий ва илмий ёндашув асосида, юқори масъулият билан кўриб чиқилмоқда. 2025 йилнинг январь-март ойлари давомида Илмий-эксперт кенгаши 5 та йиғилиш ўтказди. Ушбу йиғилишларда юридик ва жисмоний шахслар томонидан тақдим этилган жами 439 та лойиҳа ҳужжати комплекс равишда кўриб чиқилди. Лойиҳалар асосан тарихий обидаларни таъмирлаш, ёритиш, қўшимча қурилишларни амалга ошириш, таъмирлаш-тиклаш, муҳандислик коммуникацияларини ўтказиш, маданий мерос объектлари муҳофаза ҳудудларида амалга ошириладиган қурилишлар каби ишлар билан боғлиқ бўлди. Барча мурожаатлар юзасидан тегишли хулосалар чиқарилиб, мурожаатчиларга расмий жавоб хатлари юборилди.
Лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнида маданий мерос объектининг тарихий-қурилиш ҳужжатлари ва асл қиёфаси асос қилиб олинди, қурилиш, таъмирлаш ва инжиниринг ишлари замонавий талабларга жавоб бериши, бироқ моддий меросга зарар етказмаслиги шарт қилиб қўйилди. Лойиҳаларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сайёҳлик аҳамияти ҳам инобатга олинди. Лойиҳалардан 69 таси маъқулланган бўлса, 197 тасига шартли равишда розилик берилди. Шунингдек, кўпгина лойиҳаларда тарихий объектлар ҳақидаги маълумотлар тўлиқ ва асосли бўлмагани, меъморлик ечимлари ва қурилиш деталлари етарлича аниқ ишлаб чиқилмагани, жойлардаги маҳаллий органлар билан ҳамкорликда ишлашда етарли мувофиқлаштириш мавжуд эмаслиги сабабли тақдим этилган 439 та лойиҳанинг 173 тасига рад жавоби берилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА