Маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги амалий қадам
Маданий меросни асраш ва уни замонавий музей технологиялари орқали оммалаштириш глобал маданий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Гонконг сарой музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Унда музейшунослик, маданий меросни муҳофаза қилиш, реставрация, илмий тадқиқотлар, қўшма кўргазмалар ташкил этиш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда тажриба алмашиш каби йўналишларда ҳамкорлик назарда тутилган.
Мазкур келишув Марказий Осиё ва Шарқий Осиё ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги амалий қадам сифатида баҳоланмоқда.
– Гонконг сарой музейи билан имзоланган меморандум икки муассаса ўртасида узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади ҳамда қўшма кўргазмалар, илмий лойиҳалар ва маданий алмашинув дастурларини амалга ошириш имконини кенгайтиради, — деди тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.
Гонконг сарой музейи директори доктор Луис Нге эса мамлакатимизда маданий меросни сақлаш ва намойиш этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифимиз биз учун муҳим тажриба бўлди. Мамлакатингизда маданий меросни муҳофаза қилиш ва уни замонавий усулларда тақдим этиш борасида амалга оширилаётган ишлар катта қизиқиш уйғотди. Бугунги келишув ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишига ишонаман, — деди доктор Луис Нге.
Гонконг сарой музейи коллекциясида Хитой ва жаҳон цивилизацияси тарихи, қадимий санъат асарлари, императорлик саройи мероси ҳамда ноёб маданий бойликлар жамланган, дейилади Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази маълумотида.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА