Мўйноқда қиймати 300 миллиард сўмлик янги аэропортнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етмоқда
Мўйноқда янгидан барпо қилинаётган аэропортга илк бор Аэробус А-320 самолёти келиб қўнди.
Мўйноқда янгидан барпо қилинаётган аэропортга илк бор Аэробус А-320 самолёти келиб қўнди. “Тошкент – Мўйноқ” йўналиши бўйича йўловчиларни олиб келган самолёт рейси синов қўниши тариқасида амалга оширилди.
Аэропортда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари лойиҳалаштириш ишлари билан бир вақтда амалга оширилмоқда.
Аэропортнинг учиш-қўниш йўлагини қуриш ишлари Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан олиб борилмоқда. Янги терминал биносини қуриш ва аэропорт атрофини ўраш ишлари эса “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Мўйноқ аэропортини реконструкция қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати – 300 миллиард сўм.
Объектнинг 2,3 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги, ҳаракатланиш йўлакларини ва перронни қуриш ишлари учун 100,9 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Ҳозирда аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги, харакатланиш йўлаги ва перронда тупроқ ишлари, қум-шағал аралашмасини ётқизиш ва асфальтобетон копламасини ётқизиш ишлари тўлиқ якунланди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ маблағлари эвазига аэропорт чегарасига 9 километр узунликдаги тўсиқлар ўрнатиш ва 50 та йўловчига мўлжалланган терминал қуриш ишларига 16 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар объектнинг фасад қисми, том қисми тўлиқ битказилган.
Шунингдек, сигнал чироқлари ва радиолокация ускуналари учун 60 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган бўлиб “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси томонидан Германиянинг “Protec Automation GmbH” компанияси билан ускуналарни ўрнатиш ҳамда ишга тушириш бўйича шартнома тузилган.
Эслатиб ўтамиз, Мўйноқ аэропорти илк бор 1947 йилда қурилган. 3-даражали "Мўйноқ" аэродроми Ан-24, Як-40 каби енгил самолётларни, шунингдек барча турдаги вертолётларни қабул қилган.
Ўтган асирнинг 90-йилларигача Мўйноқ шаҳри оролда жойлашганлиги боис унга автотранспортлар қатнамаган.
1960-йиллардан 90-йилларнинг бошларигача аэродромда Ан-2 самолётлари базаси жойлашди. Қўнғирот, Нукус, Урганч, Тахтакўпир, Қозоқдарё, Аспантай, Тулеи аҳоли пунктлари билан кунига 19 тагача йўловчи рейслари амалга оширилди. Тошкентдан ҳам ҳафтасига 3 марта самолёт қатнаган.
90-йиллардан бошлаб денгиз суви қуриб кетгандан кейин Мўйноқ аэропорти аэронавигацион ишларни амалга ошириш учун, хусусан, Оролнинг жанубий минтақасида чигиртка ўчоқларига қарши курашиш учун агрокимёвий тадбирлар учун қўниш жойи сифатида ишлатилган.