Жорий йилнинг 12 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти Тараққиёт тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Янги даврда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик” мавзусида гибрид шаклда конференция бўлиб ўтди.
Иштирокчилар сиёсат, хавфсизлик, савдо-инвестиция ва маданий-гуманитар соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва кейинги истиқболлари масалалари бўйича кенг кўламли фикр алмашдилар.
Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик академияси Евроосиё тадқиқотлари институти директори Лю Хуацинь Хитой-Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари ҳақида гапирар экан, бу борадаги ижобий динамикани қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, фитосанитария талаблари бўйича протоколлар пакети имзолангандан сўнг, Ўзбекистон Хитой бозорига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини босқичма-босқич ошириб борди. Бугунги кунда Ўзбекистон қуритилган узум етказиб бериш бўйича етакчи ҳисобланиб, Хитойнинг ушбу маҳсулотлар умумий импортидаги улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил этади. Икки давлат ўртасида электрон тижорат соҳасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланиб, бугунги кунда Ўзбекистоннинг 150 дан ортиқ корхонаси Хитойнинг Алибаба компаниясининг электрон тижорати орқали ўз маҳсулотларини дунёга экспорт қилмоқда.
Мутахассис алоҳида эътиборни Пеншенг саноат парки фаолиятига қаратди. “Бу Хитой хусусий капитали иштирокидаги хомашё секторидаги инвестиция лойиҳаси бўлиб, керамик печлар, сув жўмраклари, уяли телефонлар, пойабзал ва чарм буюмлар ишлаб чиқаришни таъминлайди, ва Сирдарё вилоятига хорижий валютадаги даромаднинг 40-50 фоизини олиб келиб, вилоятда ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш ва аҳоли бандлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга катта ҳисса қўшмоқда” - деди у.
Хитойлик мутахассис минтақалараро алоқалар фаоллашганини юқори баҳолади. Йил бошидан буён Шинжон-Уйғур автоном райони, Шенси, Шандун, Сзянсу ва Сзянси провинцияларидан делегациялар Ўзбекистонга ташриф буюрди. Тошкент вилояти ва ШУАР ўртасидаги шериклик муносабатларига оид ҳужжатлар, Хуадиан Хинжианг билан Навоий ва Фарғона вилоятларида қуёш электр станцияларини қуриш бўйича меморандум ва бошқа ҳужжатлар имзоланди. Тошкент, Самарқанд ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари ўртасида Шинжон-Уйғур автоном райони билан ҳамкорликни жумладан, савдо, логистика, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, туризм ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш режалари белгилаб олинди.
Лю Хуациннинг сўзларига кўра, икки давлат раҳбарлари томонидан икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлашни келгуси беш йил ичида 20 миллиард долларга етказиш вазифасига эришиш учун инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама битимларни янгилаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликдаги тўсиқларни камайтириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарур. Масалан, чет эллик ишчиларга квоталар олиш тартибини соддалаштириш, божхона процедурасини рақамлаштириш жараёни, солиқ соҳасидаги ишларни оптималлаштириш ва бошқалар.
Шунингдек, сўнгги пайтларда юқори қўшимча қийматга эга инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил этиш ҳисобига юқори технологияли лойиҳалар портфели сезиларли даражада кенгаяётгани таъкидланди. Мультимодал логистика маркази, Ўзбекистон-Хитой агросаноат ва агроинновация парки, Ўзбекистон-Хитой биотехнология кластерини ташкил этиш, телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш, молия соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича режалар белгиланди. Эксперт якунда мустаҳкам савдо-иқтисодий алоқалар Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг муваффақиятли ривожланишининг гарови эканлигига ишонч билдирди.
ЎзА