Бандлик дастури амалда
Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, мазкур тармоққа кенг имконият ва имтиёзлар бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Том маънода бугун тадбиркор элга мададкор бўлиб, кичик бизнес иқтисодиётнинг драйверига айланди. Шунинг билан бирга тадбиркорлик субъектлари янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутмоқда.
Маълумки, трикотаж фабрикалари хотин-қизларни муқим иш жой билан таъминлаш ва моддий манфаатдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Навоий вилояти Хатирчи туманидаги “NAVOIY FAYZCOM TEXTILE” корхонаси 2021 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, 350 нафарга яқин маҳаллий ёш ва хотин-қиз бандлиги таъминланган.
Корхона негизида пахтадан ип-калава, мато ва бўялган ип лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 10,9 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йиллик 6,2 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.
[gallery-18444]
– Жаҳон бозорига сифатли, рақобатбардош маҳсулот етказиб бериш ҳар қандай корхонанинг истиқболини таъминлайди, – дейди цех бошлиғи Жаҳонгир Абдумуродов. – Калава ипларимиз ташқи кўриниши, пишиқлиги ва сифатнинг бошқа кўрсаткичлари бўйича барча стандартларга жавоб бериб, харидорларимизнинг талаб ва таклифларига мос келади. Асосий хом ашёни биржа орқали харид қиламиз. Ускуналаримиз Германиянинг “Trutzschler” компаниясига тегишли бўлиб, калава ип ишлаб чиқариш бир неча босқичда амалга оширилади. Маҳсулотларимизни асосан экспортга йўналтирмоқдамиз.
Корхонада ишчилар 8 соатдан 3 навбатда ишлайди. Иш жараёни ярим автоматлаштирилган бўлиб, агрегатларга ишчилар бириктирилган. Бу ерда тўлиқ автоматлаштирилган цех ҳам мавжуд бўлиб, қўл меҳнати ўрнига ишни роботлар бажаради. Иплар узилганда улаш, бабиналарга ипни ўраш жараёни фақатгина назорат қилиб борилади холос.
– Янги келган ишчилар смена бошлиғи ёки аввалдан ишлаб келаётган, тажрибали ишчиларимизга бириктирилади, – дейди иш бошқарувчи Равшан Ғофуров – Ишчилар учун корхонамиз раҳбарияти томонидан барча шароитлар яратиб берилган. Иссиқ овқат ташкил этилган. Ишга келиб-кетиш учун автобус ажратилган. Ойлигимиз ўз вақтида берилади. Ишчиларимиз иш ҳажмига қараб 1,5 миллиондан 2,5-3 миллионгача олмоқда.
Айни пайтда умумий қиймати 3,4 миллион АҚШ доллари бўлган мато тўқиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа тўлиқ қувватда ишга тушгандан кейин 6 миллион пагонометр мато ишлаб чиқарилиб, 120 та янги иш ўрни яратилади. Цехда 43 дона Бельгиянинг “Пиканол” компаниясининг тўқиш агрегатлари ўрнатилмоқда. Шунингдек, цехда Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган ускуналардан ҳам фойдаланилади. Келгусида бу ерда ип-калава ва тайёр матони бўяш лойиҳасини ҳам амалга ошириш режалаштирилган.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари